Спорт | 17:06 / 31.12.2016
11518
2 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедовнинг илк мураббийи унинг Хитойга йўл олганидан афсусдалигини билдирди

Россиялик мураббий, ўз вақтида «Пахтакор» жамоаси ва Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган Валерий Непомняший Хитой чемпионатига йўл олган Одил Аҳмедов ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мен Аҳмедовда ҳозиргисидан ҳам яхшироқ футболчини кўргандим. Одилни жиддий савиядаги ўйинчи деб ҳисоблар эдим. Унинг Европага эмас, Хитойга йўл олганидан афсусдаман. Аммо бу бир тарафдан унинг ўзи учун ёмон эмас.

Аҳмедов 18 ёшида ўзини 30 ёшли футболчидай тутар эди. Ҳаммасини билар, ҳамма нарсани қила олар, жуда билимли эди. У ҳаётда ўта камтар, хотиржам ва уятчан бола, аммо майдонда - бутунлай ўзгача. Одилга қўлидан келган ишларни бажаришга қўйиб бериш керак эди, ўшанда унинг салоҳияти кўринади. Бу ерда менинг хизматим йўқ.

Эслайман, ўша вақтда термада икки ёш йигит пайдо бўлган эди - Аҳмедов ва Виталий Денисов. Улар Ўзбекистон терма жамоасида кўп нарсани ҳал қилар эди. Биласизми, мураббий баъзи футболчиларга эътибор бериши шарт бўлмайди. Одилни қўллаб-қувватлаш керак эди. У бетгачопар ва сурбет эмас. Аммо чўққиларни забт этиш учун кескинроқ бўлиш керак.

Аҳмедов бундан кўпроғига лойиқ. Аммо Одил фаолиятининг Россиядаги қисмини муносиб ўтказди. У олий даражадаги профессионал ва жамоавий ўйинчи. У таянч яримҳимоячиси бўлишига қарамай, «Краснодар» уни қанотда ўйнатди. У «Анжи»нинг юлдуз таркибида ўйнади. «Краснодар»да ҳам охирги ролларда бўлмади», дея Непомняшийнинг сўзларини келтирган «Спорт-Экспресс».

Мавзуга оид