Ёзда миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган Одил Аҳмедов, бугун 18 декабрь куни футболчилик фаолиятини тугатганини расман эълон қилди. Бу ҳақда футболчининг ўзи унинг фаолиятига бағишланган «Одил Aҳмедов: «Орзунинг шонли йўли» китоби тақдимот маросимида маълум қилди.
Тадбир давомида «Пахтакор» клуби раҳбарияти Одил Аҳмедовнинг ҳурмати учун жамоанинг 25-рақамини унга абадий топширилишини маълум қилди. Аҳмедов 2006-2010 йиллар давомида «Пахтакор» сафида тўп суриб, 2011 йил «Анжи»га трансфер қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Одил Аҳмедов 2007 йилдан 2021 йилнинг ёзигача бош жамоамиз сафида тўп суриб, Ўзбекистон ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичига чиқа олмаганидан сўнг миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган эди. 34 ёшли яримҳимоячи Хитой Суперлигаси жорий мавсумида «Цанчжоу Майти Лайонс» сафида 7 ўйинда майдонга тушганди. У фаолияти давомида «Пахтакор», «Анжи», «Краснодар», «Шанхай СИПГ» клубларида ҳам тўп сурди.











