Light | 21:44 / 18.01.2017
69451
6 дақиқада ўқилади

Сиз интровертмисиз ёки экстраверт?

1921 йилда Карл Густав Юнг психологик турлар тушунчасини жорий қилди. Ўшандан буён одамлар ўзларини қайси турга киришлари борасида иккиланишади – интроверт ёки экстраверт, олимлар эса қайси турга кирувчи одамларнинг ақллироқ экани борасида бош қотиришади. "Лайфхакер" интроверсия ва экстраверсияга оид баҳсларга нуқта қўйишга қарор қилди.

 

Интровертлар кимлар?

Интроверт — энергияси ички оламига йўналтирилган киши. У ўзи билан ўзи зерикмайди. У хотиржам ва сермулоҳаза, деталларга эътиборли ва қарорларда эҳтиёткордир.

Интровертлар баъзан маъюс, камгап ва мутлақо асоциалдек тасаввур уйғотади. Бироқ аслида улар жуда яхши инсонлар. Шунчаки ижтимоий алоқалар уларнинг энергиясини тортиб олади.

Интровертнинг яқин доирасида - икки-уч кишигина мавжуд. Бегоналар билан камгап бўлган интроверт ўзига яқин кишилар билан қизиқ мавзуларни соатлаб муҳокама қилишга тайёр.

Интроверт учун ёлғизлик — кимнингдир ҳаётига алоқадорлиги йўқлиги. У ҳатто кўпчилик ичида ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилиши мумкин. Севимли китоб мутолааси ёки мазмунли сайр — интроверт учун кучларни қайта тиклашнинг энг яхши усули.

 

Экстравертлар кимлар?

Экстраверт — энергияси ташқи дунёга йўналтирилган инсон. У хушмуомала, очиқ ва фаол. Ҳамма нарсага ижобий томондан ёндашади. Ташаббус кўрсатиш ва етакчи бўлишдан қўрқмайди.

Экстравертлар тез қизишиб кетиши туфайли баъзан бемаънидек кўринишади. Бироқ ҳиссиётга берилишни юзакилик билан адаштирманг.

Экстравертлар бошқалар билан мулоқотдан энергия олишади. Экстраверт учун ёлғизлик — атрофда ҳеч кимнинг йўқлиги, суҳбатдош топа олмаслик. Уларнинг дўстлари ва ошна-оғайнилари кўп.

Экстравертлар билан зерикмайсиз. Бир хилликдан чарчаб қолмаслик ва ички оловни ёқиш учун улар клубга қараб йўл олишади ёки меҳмон чақиришади.

 

Карл Густав Юнгнинг нима алоқаси бор?

1921 йилда Карл Густав Юнгнинг "Психологик турлар" китоби нашрдан чиқди. Унда интроверсия ва экстраверсия тушунчалари жорий қилинди. Юнг экстраверт ва интровертларни уларда устунлик қилувчи психологик функция призмаси орқали кўриб чиқди - тафаккур ёки ҳиссиёт, туйғу ёки сезги.

Карл Юнгнинг фундаментал ишига олимлар кўп марта мурожаат қилишган ва мурожаат қилишда давом этишмоқда. Экстраверт-интроверт турлар Майерс-Бриггс назарияси - "Катта бешлик" номи остидаги шахс модели ва Рэймонд Кеттеллнинг 16 омилли сўровномасига асос бўлди.

1960-йилларда Юнгнинг ғоялари британиялик психолог Ҳанс Айзенкка қўл келди. У экстраверсия ва интроверсияни қўзғалиш ва тўхтатиш жараёнлари орқали талқин қилган. Интровертлар сершовқин ва одам кўп бўлган жойларда ўзларини ноқулай ҳис қилишади, зеро уларнинг мияси вақт бирлигида кўпроқ маълумотларни қайта ишлайди.

 

Интровертлар ҳақиқатда ақллироқми?

Бутун дунёдаги кўплаб психологлар, социологлар ва нейробиологлар буни аниқлашга ҳаракат қилишмоқда. Ҳозирча муваффақиятсиз. Бироқ қанча кўп тадқиқот ўтказилган сайин экстраверт ва интровертлар мияси турлича ишлашига шунча кўп ишонч ҳосил қилинмоқда.

Фарқлаш чизиғи - дофамин. Бу бош мияда ишлаб чиқариладиган ва завқ олиш ҳисси учун жавоб берадиган нейромедиатор. Илмий тадқиқот давомида экстровертларда кучли ҳаяжон ҳолатида бодом безлари ва унинг ёнидаги ядро соҳасида фаоллик кучайиши кузатилиши аниқланди. Биринчиси ҳиссий рағбатлантириш жараёни учун масъул, ядро эса дофамин тизимининг (завқ олиш маркази) бир қисми ҳисобланади.

Экстраверт ва интровертларда дофамин бир хилда ишлаб чиқарилади, лекин мукофотлаш тизими унга турлича жавоб қайтаради. Экстравертларда рағбатларни қайта ишлаш жараёни камроқ вақт олади. Дофамин уларга нисбатан камроқ таъсир ўтказади. "Бахт дозаси"ни олиш учун уларга дофамин билан бирга адреналин ҳам керак.

Интровертлар эса, аксинча, дофаминга жуда сезгирлар. Рағбатлар уларнинг мия соҳасида узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтади. Уларнинг мукофотлаш тизимида бош рол бошқа нейромедиатор - ацетилхолинга тегишли. У қўйилган вазифага диққатни жамлаш, узоқ вақт давомида самарали ишлаш ва ички мулоқот пайтида ўзни яхши ҳис қилишга ёрдам беради.

 

Мен кимман - интровертми ёки экстраверт?

Юнг бўйича психологик турни аниқлашда одатда Грей-Уилрайтнинг тестлари ва "Юнг турлари индекси" (JTI)сўровномаси қўлланилади. Шунингдек психологлар Айзенкнинг шахсиятга доир сўровномасидан ҳам фойдаланишади. Маиший даражада оддий тестдан ўтиш ёки хатти-ҳаракатларни таҳлил қилиш мумкин.

 

Сиз интровертсиз, агар...

· одатда дастлаб ўйлайсиз, кейин бажарасиз;

· дўстлар доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилмайсиз;

· дунёвий суҳбатларни ёқтирмайсиз, саволларга кўпинча бир ёқлама жавоб берасиз;

· гавжум тадбирлар ва омма олдидаги чиқишлардан қочасиз;

· қўнғироқ қилиш имкони турганда ёзма хабар йўллайсиз.

 

Сиз экстравертсиз, агар...

· кўпинча аввал ишни бажариб бўлиб, кейин ўйлайсиз;

· доимо ким биландир танишасиз;

· мулоқот қилишни ёқтирасиз, кўчадаги бегона одам билан ҳеч қандай қийинчиликсиз гаплашиб кета оласиз;

· ҳафтада бир марта ёки ундан ҳам кўп зиёфатлар, концертлар ва кўргазмаларга борасиз;

· хабар ёзиш ўрнига қўнғироқ қиласиз.

Мавзуга оид