Жаҳон | 14:02 / 09.02.2017
8032
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия жануби-ғарбидаги шаҳарга зарба берди

Фото: Flickr

Исроил "Сурияга нисбатан янги агрессив ҳаракатни амалга оширди". Бу ҳақда Сурия қуролли кучлари қўмондонлиги баёнотида сўз юритилган. SANA агентлиги баёнотни эълон қилган.

"Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёти Сурия жануби-ғарбидаги Ал Баас шаҳрининг турар-жой биноларидан бирига ҳаво зарбаси берди. Моддий талофат етказилди, қурбонлар йўқ", - дейилади баёнотда. Унда таъкидланишича, вертолёт Сурия ҳаво кенгликларига кирмаган, аксинча Жўлон тепаликларининг босиб олинган ҳудуди осмонидан туриб манзилни нишонга олган. 

"Исроилнинг жиноий гуруҳларга ёрдам бериш мақсадида амалга оширган бу ҳужуми Сурия армиясини Ал Кунайтра вилоятидаги террорчиларни таъқиб қилишдан қайтара олмайди", - дейилади хабарда. 

Сурия ҳукумат кучлари мамлакат жануби-ғарбида "Жабҳат ан-Нусра"га қарши кураш олиб бормоқда. Унинг қароргоҳи Сурия ва Исроил қўшинларининг Жўлон тепаликлари ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш чизиғида жойлашган. Исроил мудофаа армияси матбуот хизматининг хабар қилишича, танк снарядининг Исроил ҳудудига ўтиб кетганига жавобан Суриянинг Жўлон тепаликларидаги позициясига зарба берилган. 

Жўлон тепаликлари 1967 йилги олти кунлик уруш мобайнида Исроил томонидан босиб олинган. 1981 йили Исроил парламенти – Кнессет Жўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олувчи қонунни қабул қилган. 

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1981 йил 17 декабрдаги 497-сонли резолюцияси билан бу аннексия ноқонуний, деб топилган. 

Мавзуга оид