Ўзбекистон | 23:30 / 23.03.2017
39201
6 дақиқада ўқилади

Остонага ташриф якунлари. Ўзаро муносабатларда янги саҳифа

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан учрашув чоғида Тошкент ва Остона муносабатларида янги саҳифа бошланганини таъкидлади.

Тор доирада ва кенгайтирилган таркибда ўтган учрашувлар давомида Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев «дўстлик ва ҳамкорлик кўприклари» икки халқ ўртасида Ўзбекистоннинг биринчи президенти давридаёқ ўрнатила бошланганини тилга олиб ўтишди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. 

«Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қардош, асрлар давомида синалган шериклардир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейинги оғир дамларда бу яқинлик яна бир бор намоён бўлди. Халқимиз Қозоғистон халқи ҳамдардлигини, қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис этди ва буни ҳеч қачон унутмайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканининг тасдиғидир», – деди президент. 

Шавкат Мирзиёев Остонага ташрифни тарихий деб атади

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги мулоқотларнинг изчил давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. 

«Сизнинг ташрифингиз Наврўз байрами кунларига тўғри келгани қадамингиз қутлуғ эканидан далолатдир. Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳар доим дўстона ва самарали бўлган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, менинг қадрдон дўстим Ислом Каримов улкан ҳисса қўшган бундай яқин ҳамкорликни Сиз билан изчил давом эттирмоқдамиз. Кейинги ойларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоиз ўсгани, ўзаро янги маҳсулотлар етказила бошлагани бунинг тасдиғидир. Ташрифингиз доирасида ўтган бизнес-форумда қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Сизнинг ушбу тарихий ташрифингиз мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради», – деди Қозоғистон Президенти. 

Назарбоев Мирзиёевга: Биз сизга суянамиз

Мамлакатлар ҳамкорлиги 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тараққий этмоқда. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатларимиз икки томонлама ва БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқин ҳисобланади. 

Президентлар музокаралари якунида қатор ҳужжатлар имзоланди

Мамлакатларимиз минтақадаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида бир хил позицияга эга экани яна бир бор тасдиқланди. 

Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Орол муаммосини муҳокама қилди 

Транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. 

Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилгани транспорт коммуникациясини янада кенгайтиради, ҳудудлараро алоқалар, савдо ва туризм ривожига хизмат қилади. 

Музокарада транспорт соҳасида икки томонлама, узоқ муддатли тариф имтиёзлари берилиши мамлакатларимиз транспорт коридорлари рақобатдошлигини, самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Савдо-иқтисодий алоқалар динамикасини сақлаб қолган ҳолда уни диверсификация қилиш, экспорт-импорт ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат ва тадбиркорлик субъектлари кооперациясини ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара яқинида махсус иқтисодий зоналар ташкил этади

Музокаралар якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланди. 

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. 

Парламентаризм, солиқ, транспорт, мудофаа, савдо-саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар ҳам имзоланди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда автомобиллар йиғишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим улар орасида алоҳида аҳамиятга эга. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев музокаралар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига хос ўзаро ҳурмат ва самимият руҳида ўтгани, барча стратегик масалалар бўйича томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаганини алоҳида таъкидладилар. Ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этиши, имзоланган ҳужжатлар халқларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.

Назарбоев: Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти тўсиқларни олиб ташлади

Ташриф доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари иштирок этди. Уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган савдо шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланди. 

Ўзбекистон-Қозоғистон чегара пунктлари иш режими ўзгаради

Мавзуга оид