Гулистонда ўз иш жойида наша чеккан шахс 8 йилга қамалди
Илҳом Яминов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) гиёҳвандлик “дард”ига ружу қўяди. Эл-юрт орасида ўзига яраша обрў-эътибори бўлган, яхшигина бир курсининг эгаси И.Яминов нафси бузуқлиги сабабли ишидан, маълум муддат оиласидан ҳам ажралиб, панжара ортига равона бўлди, деб хабар бермоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
2016 йилнинг сентябрь ойида Деҳқонобод шаҳарчаси ҳудудидан оқиб ўтган Сирдарё дарёсига чўмилгани борган Илҳом дарё бўйидаги бегона ўтлар орасида ўсиб турган ёввойи нашага кўзи тушиб, қувониб кетди. Гўё хазина топиб олган одамдек шошиб қолиб, бу ўсимликнинг бир тупини юлиб олади. Уни бўлакларга бўлиб, қора рангли целлофан пакетга жойлайди ва уйига олиб келади. Бундай “гиёҳ”ни уйида сақлаш хавфли эканлигини яхши тушунган И.Яминов шу ҳудудда жойлашган мактаб спорт ўйингоҳининг бир четида, одамлар назаридан панароқ бўлган жойда икки кун мобайнида қуритади. Кейин ёввойи наша баргларини уйига олиб бориб, ошхонасида ҳеч кимга билдирмасдан қовуради. Сўнг қовурилган, тахминан оғирлиги 150 грамм бўлган наша гиёҳвандлик моддасини қора рангли целлофан пакетга солиб, кечга яқин ишхонасига боради. У ерда ҳеч ким йўқлиги учун йўл-йўлакай дўкондан харид қилган икки шиша ароқни ҳам стол устига қўйиб, ёлғиз ўзи базму жамшидни бошлаб юборади. Бироқ кўп ўтмай хонага бирин-кетин улфатлари кириб кела бошлашади.
Зумда зиёфат авжига чиқиб, кетма-кет спиртли ичимликлар ичилади. Бу орада Илҳом ҳеч кимга сездирмай ўзи қовуриб олган гиёҳвандлик моддасидан ош қошиқда “уриб” олади. Кейинроқ эса сахийлиги тутиб, қолганини стол устига қўйиб, улфатчиликни давом эттирмоқчи бўлганида, хонага ИИБ ходимлари келишади ва уларни воқеа жойида қўлга олишади.
Шу тариқа, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан марихуана моддаси холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинади.
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан Илҳом Яминовга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, унга нисбатан келажакда хатоларидан тўғри хулоса чиқариши учун бағрикенглик кўрсатилиб, амнистия қарори қўлланилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазо муддати учдан бир қисмга қисқартирилди.
Мавзуга оид
11:33 / 17.04.2024
Instagram орқали фуқароларни чув тушириб келган 18 ёшли йигит қўлга олинди
23:28 / 06.02.2024
Гулистон шаҳри ҳокими соғлиғи туфайли лавозимидан кетди
12:21 / 22.07.2023
Гулистон туманига янги ҳоким тайинланди
14:18 / 20.03.2023