Адлия вазирлигида нотариуслар ҳамжамияти билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда республиканинг барча ҳудудларидан келган нотариуслар ва адлия органларининг мутасадди раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этиш лозимки, нотариат жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиш жараёнида малакали юридик ёрдам кўрсатадиган, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган, ҳуқуқий низоларни олдини олиш ва ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этилишини таъминлайдиган институт ҳисобланади.

Бўлиб ўтган очиқ мулоқотда бугунги кунда нотариал идоралар фаолиятида йиғилиб қолган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди, уларни бартараф этиш механизмлари ва таклифлари ўртага ташланди. Хусусан, нотариал идораларда навбатларнинг ортиб бораётганлиги, нотариуслар ва идора ходимларининг фуқаролар билан муомала маданияти, давлат божларини ҳисоблашда ягона амалиётни йўлга қўйиш, шунингдек нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда ортиқча ҳужжатларнинг талаб қилинаётганлиги ва бошқа шу каби масалаларга тўхталиб ўтилди.

Шунингдек нотариус касбининг эртанги куни, аҳолига нотариал хизматларни кўрсатишнинг энг замонавий услубларини кенг жорий этиш ва соҳани янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув натижасида қуйидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди:

Биринчидан, республиканинг 21 фоиз нотариуслари ва 23,2 фоиз нотариат хизматлари Тошкент шаҳар нотариал идоралари салмоғига тўғри келишини эътиборга олиб, пойтахтдаги нотариал идоралар фаолияти шаҳар адлия бошқармасидан бевосита Адлия вазирлиги бўйсунуви ва бошқарувига ўтказилди ва вазирлик томонидан алоҳида назорат қилиб борилиши белгиланди. Нотариал идоралар жойлашувига қараб, тегишли секторларга бўлиниб, ҳар бир сектор бўйича махсус ишчи гуруҳлар томонидан назорат ишлари олиб борилади ва муаммолар “Йўл хариталари асосида” бартараф этилиши таъминлаб борилади.

Бу жараёнда самарали жаҳон андозаларидан келиб чиқиб жамоат назорати механизмлари кенг қўлланилиши кўзда тутилди. Шу мақсадда, Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда “Адлия билан мулоқот” гуруҳини ҳам яратиб, аҳолининг бу соҳадаги мурожаатлари, таклифлари ва эътирозлари бўйича ишлашнинг янгича тизими йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, пойтахт нотариал идоралари негизида “Энг илғор тажриба” лойиҳаси амалга оширилишига келишиб олинди. Ушбу лойиҳага асосан ахборот-коммуникация технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, ягона нотариал амалиётнинг жорий этиш, нотариал хизматлар ва мижоз учун зарур бўлган барча маълумотлардан фойдаланиш имкони тўлиқ яратиш, ходимлар томонидан малакали ва сифатли ҳуқуқий тушунтиришлар беришни кўзда тутади.