Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фоторепортаж: Намунали, бир-бирига меҳрибон болалар тарбияланадиган мактабга саёҳат
20 декабрь куни Ибн Сино жамоат фонди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамда Dr. Mardon Group компанияси билан ҳамкорликда Яшнабод туманидаги 52-махсус мактаб-интернати тарбияланувчилари учун катта хайрия акциясини ташкил этди.
Тадбирда мактаб ўқувчилари имконияти чекланган бўлишига қарамай, бир-биридан чиройли ва қизиқарли рақслар, томошаларни намойиш этишди. Қизиғи шундаки, мазкур байрам дастурига мактабда таҳсил олаётган ҳар бир ўқувчи жалб этилиб, ўзгача тайёргарлик кўрган. КUN.UZ мухбири ҳам акцияда иштирок этиб, тадбирдан махсус фоторепортаж тайёрлади.

Таъкидлаш жоизки, жисмонан ва ақлан заиф бўлган болалар учун мўлжалланган мактаб-интернати ўзининг тозалиги, тартиблилиги билан ҳеч бир намунали таълим муассасасидан қолишмайди. Бу ерда ўқитувчилар ҳар бир тарбияланувчини бир зумга ҳам эътиборсиз қолдиришмайди. Болаларнинг бари ўқиш жараёнига жалб этилади. Дарслардан сўнг, ўқувчилар қўшимча тўгарак ва машғулотларга қолишади. Оғир хасталанган 11 нафар ўқувчи эса ўз уйида ўқитилади.
Мактабда 181 нафар ўқувчи таҳсил олади. Улар, шунингдек, кўплаб фан олимпиадалари, халқаро танловлар ғолиби ҳамдир. Шунингдек, турли кўргазмаларда ҳам ўз ижодий ишлари билан фаол иштирок этишади. Бундай муваффақият ва натижалар ортида эса қарийб ярим асрлик меҳнат машаққати яширинган. Имконияти чекланган болаларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб улғайишида мактаб директори Раъно Хамралиеванинг ҳиссаси катта.
"Жисмоний ёки руҳий нуқсон билан дунёга келган фарзандларнинг 90 фоизидан ортиғи ота меҳрисиз, эътиборисиз қолади. Чунки улар бундай вазиятга чидай олишмайди. Оналар эса боласининг ногирон туғилганини кўриб, кўз ёш тўкиб, қийналиб яшайди. Уларни атрофдаги одамлардан беркитиб, одамларнинг ачиниб қарашидан ҳадиксирайди. Бироқ нима учун? Аксинча, аёл киши фарзандини қандай бўлса, шундайлигича тан олиши керак. Шундан сўнг, иккинчи қисм - болаларнинг бошқалар каби эркин улғайиши учун шароит яратишни ўйлаш лозим. Мен болаларни меҳрибонлик уйларида тарбияланишига мутлақо қаршиман. Ҳар бир фарзанд ўз ота-онасини, яқинларининг ёнида бўлиши керак. Биз эса қолган бўш вақтда уларга таълим бериб, ҳунар ўргатишга тайёрмиз", дейди 44 йилдан бери шу мактабда меҳнат қилиб келаётган Раъно опа.

Мазкур акция давомида мактаб ўқувчилари малакали шифокорларнинг бепул тиббий кўригидан ўтишмоқда. Шунингдек, улар учун замонавий икки қаватли (double-decker bus) автобусларда Тошкент бўйлаб ажойиб саёҳат ташкил этиш режалаштирилган.
"52-махсус мактаб-интернати бугун менда катта таассурот қолдирди. Бу ерда болалар бизни жуда илиқ, самимий кутиб олишди. Таълим муассасасининг озодалиги, болаларнинг бир-бирига меҳрибонлигини кўриб, тўғриси ҳайратда қолдим. Бугунги тадбирда иштирок этиб, юқори даражадаги позитив руҳ, хотиржамлик ва шукроналикни ҳис қилдим. Биз хайрия сифатида болаларга янги "Поливит Юниор" витаминини тақдим этдик. Ўйлаймизки, бу бизнинг сўнгги ташрифимиз бўлиб қолмайди. Бу ерга яна жамоамиз билан келиб туришга қарор қилдик", дея қайд этди Dr. Mardon Group компанияси вакили Гулнора Расулова.
Тадбирдан сўнг болаларга янги йил совғалари улашилди. Сўнгра, ташкилотчилар томонидан мактаб тарбияланувчиларига байрам дастурхони ёзилди.








