Сайхунобод ҳокими жазодан қутулиб қолдими?
KUN.UZ таҳририяти ўқувчиларига Ўзбекистон ва жаҳондаги янгиликларни холис ва тезкор етказиш борасида имконияти даражасида фаолият юритиб келади. Шу билан бирга, таҳририят давлат раҳбарининг мамлакатда шаффофликни таъминлаш борасидаги чақириқларига биринчилардан бўлиб “лаббай” деб жавоб қайтарди ҳамда республикада мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қила бошлади.
Хусусан, Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда мактаб директорларини ургани, уларни ҳақорат қилгани ҳақида бонг урди ҳамда ушбу воқеа билан боғлиқ бир неча мақолаларини эълон қилди.
Қуйида воқеалар ривожи билан яна бир танишиб олишингиз мумкин.
Прокуратура туман ҳокими мактаб директорларини калтаклагани билан боғлиқ вазиятни текширишни бошлади
Шундан сўнг, республика Бош прокуратураси Сирдарё вилояти прокуратураси мазкур иш юзасидан текширув ўтказаётгани, уни ўз назоратига олганини маълум қилди. Аммо, мамлакат қонунчилигида тергов-суриштирув ишлари 3 ой давом этиши белгиланган бўлса-да, бу иш юзасидан 3,5 ой ўтганига қарамай якуний баёнот берилгани йўқ. Аслида, яққол кўриниб турган нарсага ҳуқуқий баҳо бериш шунчалик чўзилиб кетганининг ўзи ажабланарли ва кишини ўйга толдиради.
KUN.UZ мухбирлари 19 декабрь куни Сирдарё вилоятига уюштирган хизмат сафарида Сайхунобод ҳокими Носиржон Эгамбердиев иши юзасидан изоҳ сўраш мақсадида вилоят прокуратурасида бўлди ва вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Шерзод Ортиқбоев билан учрашди.
Ш.Ортиқбоевнинг KUN.UZ мухбирига маълум қилишича, бугунги кунга келиб, вилоят прокуратураси Эгамбердиев ҳаракатларини ўрганиб, унинг натижаларини республика прокуратурасига тақдим қилган. Якуний хулосани эса, республика Бош прокуратураси бериши керак. Мухбирнинг ўрганишлар натижасини тақдим қилиш бўйича сўровига, Бош прокуратура рухсатисиз ҳужжатлар берилмаслиги, бунинг учун юқори турувчи идорадан рухсат олиш кераклиги, бирон соатда жавоб олиши ҳақида маълум қилинди.
Бир ярим соатлардан сўнг, Бош прокуратура рухсат бергани, аммо хулоса “чиройли қилиб” тайёрланиб, мухбирнинг “телеграм” саҳифасига юборилиши бўйича ваъда берилди.
Афсуски, бу ваъда берилганига 1 ҳафта бўлди. Мухбир ҳамон Сирдарё вилоят прокуратурасининг Бош прокуратурадан олинган рухсат асосида тақдим этилувчи жавобини кутмоқда. Ким билсин, яна қанча кутилади?
Айтайлик, мактаб директорлари балки ҳайиқишдандир, балки “ҳурмат”дандир, ҳар ҳолда даъво ҳам қилишмагандир. Аммо мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш бош вазифаси бўлган, давлат ва халқ ишонч билдирган прокуратура органлари ўз сўзини айтишлари керакми-йўқми?
Нима, жилла қурса, икки энлик қоғозга, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аломати топилди ёхуд топилмади, деб ёзиб юбориш шунчалик қийинми? Балки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ барча нарсадан хабардор бўлсин, ижро ҳокимияти халққа ҳисобот берсин, адолат ва яна бир марта адолат, халқ розилигини олий мезон қилиш борасидаги куйиб-ёнишларини биз ОАВ вакили нотўғри тушунгандирмиз?! Ҳар ҳолда жавобни кутмоқдамиз.
Ахир Эгамбердиев билан боғлиқ ҳолатдан кейин овоза бўлган Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев маъмурий жазога тортилиб, қонун доирасида жарима тўлайдиган бўлди-ку.
Кишини бир нарса ташвишга солади, агар шу ерда оддий фуқаро мактаб директорларини шу тарзда ҳақоратлаб, урганида, даъвогарлар бўлмаганида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз хулосаларини беришарди ва ўша оддий фуқаро осонликча қутилиши даргумон эди.
Толиб Раҳматов
Мавзуга оид
22:39 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган – Бош прокуратура
12:03 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди
20:56 / 20.10.2024
9 ойда иш ҳақи ва нафақа пулларидан 5,2 млрд сўм талон-торож қилингани маълум қилинди
18:34 / 11.10.2024