Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Футболга пул ажратадиганлар бор. Республикадаям, ташқаридаям». Чемпионат ғолибларига мукофот пуллари тўланади
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси раҳбари Очилбой Раматов миллий чемпионатда жамоалар учун рағбатлантирувчи мукофот пуллари жорий этилмаганига эътибор қаратди.
У чемпионатдаги клубларда раҳбарият клуб олдига юқори ўринларни эгаллаш вазифасини қўймаслиги, фақат лигани тарк этмасдан, ўртада юриш талаб қилинишини танқид қилди.
«Вилоятлар жамоаларини кучайтириш керак. Ҳозирда бу жамоалар лигадан чиқиб кетмасак, бўлди деб ўйнайди. Нисбатан кучлилари кўпи билан кучли олтиликка киришни мақсад қилади. Мен ҳамиша «Локомотив»га биринчи бўлиш талабини қўйганман. Бошқалар ундай қилмас экан.
Мана энди водийдаги ва воҳалардаги кучли жамоалар йўқолиб кетди.
Молиявий масалаларни яхшилашга ҳаракат қиламиз. Федерацияда пул бўлади. Бундан хавотир олманг. Биз футбол учун пул топамиз. Биз бировнинг қўлига қараб ўтирадиган одамларга қараб қолмаганмиз.
Керакли рағбатлантириш ишларини олиб борамиз. Жамоа чемпион бўлади-ю, ҳеч қанақа пул олмайди. Ҳеч қаерда бўлмаса керак бунақаси. Мана, «Локомотив» Ўзбекистон чемпиони, пул олгани йўқ. Майли, «Локомотив»га пул керак эмас, пули кўп (кулади).
Гап пулдамас, лекин арзиса, пул бериш керак, тўғрими? Буни тартибга соламиз ва бажарамиз.
Клубларда интилиш бўлиши керак. Улар совриндор бўлишга, мукофот пуллари олишга интилиши керак», деган ЎФАнинг янги раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, давлат футболга пул ажратади.
«Ҳаммасини йўлга қўямиз. Давлатдан пул сўрасак, беради. Қолаверса, футболимизга ёрдам беришга тайёр дўстларимиз бор. Республикадаям, ташқаридаям. Ўзбекларни, Ўзбекистонни яхши кўрадиганлар бор. Гап юз миллионлаб долларлар ҳақида эмас. Лекин, ўзига яраша пул топилади», дея Раматовнинг сўзларини келтирган «Трибуна» мухбири.
Мавзуга оид
17:48 / 03.12.2025
Гулистондаги портлаш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди
17:26 / 29.04.2025
Туркманистон президенти Очилбой Раматов билан учрашди
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
12:22 / 16.11.2023