Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро дунёдаги энг юқори маош олувчи мураббийлар қаторида кўрсатилди.

Transfermarkt портали рейтингда италиялик мутахассиснинг Ўзбекистондаги йиллик маоши 4 миллион евро деб қайд этилган. Бу кўрсаткич билан Каннаваро рўйхатда 5-ўриндан жой олган.

Transfermakt

Ундан юқорида Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти — 10 млн евро, Германия устози Юрген Клопп — 7 млн евро, АҚШ бош мураббийи Маурисио Почеттино — 6,1 млн евро ва Англия устози Томас Тухел — 6 млн евро билан кўрсатилган.

Шунингдек, Португалия миллий жамоаси бош мураббийи Жорже Жезуш ҳам Каннаваро билан бир хил — 4 млн евро маош олиши қайд этилган.

Рейтингдан Ўзбекистон бош мураббийининг маоши Франция устози Зинедин Зидан (3,6 млн евро), Нидерландия бош мураббийи Хави (2,5 млн), Аргентина устози Лионел Скалони (2,3 млн), Туркия бош мураббийи Винченцо Монтелла (2,2 млн) ва Италия устози Роберто Манчини (2 млн евро) маошидан юқори экани маълум бўлмоқда.

Бироқ бу ерда муҳим жиҳат бор: Каннаваронинг миллий жамоадаги маоши Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳеч қачон расман эълон қилинмаган. Аксинча, ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов 2025 йил октябрида Каннаваро ва унинг штаби йилига 4 млн евро олиши ҳақидаги хабарларни рад этган ва аниқ сумма мураббий билан келишувга кўра ошкор қилинмаслигини айтган.

Қолаверса, Каннаваронинг ўзи ҳам кейинчалик «Менинг йиллик маошим 4 млн евро эмас», деб бу рақамни очиқ рад этган.

Transfermarkt — 2000 йилда Германияда ташкил этилган йирик футбол ахборот портали. Унда футболчилар, мураббийлар ва клублар ҳақида маълумотлар, трансферлар, статистика, ўйинлар натижалари ҳамда футболчиларнинг тахминий бозор қийматлари жамланади. Порталнинг бозор қиймати каби айрим кўрсаткичлари расмий нарх эмас, балки умумий баҳолаш асосида шакллантирилади.