Ўзбекистон | 18:30 / 28.02.2018
26643
2 дақиқада ўқилади

Экспортга чиқарилмаган ва ички бозорда харидор топилмаган гилоснинг 1 килограмми учун 3 минг сўм тўланади

16 февраль куни «Ўзбекозиқовқатҳолдинг» компанияси томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини келажакда қайта ишлаш ва унинг экспортини оширишдаги долзарб масалаларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. 

Унда ҳолдинг компанияси, «Ўзагроэкспорт» АЖ, мева-сабзавотларни қайта ишловчи корхона вакиллари, тегишли бошқарма ва бўлинмалар, шунингдек, қатор фермер деҳқон ва таморқа хўжаликлари, логистика марказларининг раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида экспортга йўналтирилмаган гилосни қайта ишлаш учун юбориш долзарб экани таъкидланди.

Жумладан, ички бозорда ҳам ўз харидорини топа олмайдиган гилос маҳсулотларини эндиликда «Ўзбекозиқовқатҳолдинг» таркибидаги «Ўзагроэкспорт» АЖ деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларидан фъючерс (олдиндан пул ўтказиш) - шартномалари асосида ҳарид қилиб олади.

Бу орқали, биринчи навбатда, маҳсулотнинг исроф бўлиши олди олинади, қайта ишланган маҳсулот экспортга йўналтирилади ва деҳқонлар учун қўшимча даромад манбаи сифатида хизмат қилади.

Давра суҳбатида масъуллар ва маҳсулот етиштирувчилар ўртасида савол-жавоблар ҳамда қатор таклифлар юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Якунда 2018 йил гилосни қайта ишлаш учун 1 килограмига 3 000 сўм нарх белгилаш мақсадга мувофиқ деб топилди. 

Ўз навбатида, ушбу харидлар амалга оширилишини таъминлаш бўйича масъул ишчи гуруҳи тузилиб, мурожаатлар учун: +99871 129 59 59 телефон рақами ҳамда www.oziq-ovqat.uz[email protected] электрон манзили эълон қилинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид