Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистон 11 та хорижий давлатга 23,3 минг тонна гилос экспорт қилган.
Ярим йилликда экспорт қилинган гилоснинг умумий қиймати 57,9 млн АҚШ долларини ташкил этган.
БМТнинг Comtrade халқаро савдо маълумотлар базасида келтирилишича, 2024 йилда Ўзбекистон 32,2 минг тонна янги узилган гилосни ташқи бозорларга етказиб берган. Унинг умумий қиймати 70,4 млн долларга тенг бўлган.
Мазкур кўрсаткич билан Ўзбекистон гилос экспорти ҳажми бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллаган.
2024 йил якунларига кўра, Чили 529,5 минг тонна гилос экспорти билан етакчилик қилган. Кейинги ўринларни Гонконг — 168,4 минг тонна, АҚШ — 84,2 минг тонна, Туркия — 66,5 минг тонна ва Испания — 34,1 минг тонна билан эгаллаган. Ўзбекистондан кейин Греция — 28 минг тонна, Озарбойжон — 25,8 минг тонна, Австрия — 18,1 минг тонна ва Молдова — 10,1 минг тонна гилос экспорт қилган.
Статистикага кўра, сўнгги ўн йилда Ўзбекистоннинг гилос экспорти турлича динамика кўрсатган. Энг юқори натижа 2021 йилда қайд этилиб, ўша йили хорижга 60,8 минг тонна гилос етказиб берилган.
2023 йилда экспорт 45 минг тоннани, 2024 йилда 32,2 минг тоннани, 2025 йилда эса 31,7 минг тоннани ташкил этган. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида эса 23,3 минг тонна гилос ташқи бозорларга сотилган.











