АҚШнинг Флорида штати сенати 14 февралда штатдаги мактаблардан бирида содир этилган отишмадан кейин қуролга эгалик қилиш бўйича тузатмани тасдиқлади, бироқ 15 дақиқа ўтгач ўз қароридан воз кечди. Бу ҳақда Tampa Bay Times нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, штат сенати 3 март куни йиғилиш ўтказиб, унда Флоридада қурол айланмаси қоидаларини қатъийлаштиришни муҳокама қилган. Депутатлар Флоридадаги отишмани содир этишда қотил қўллаган AR-15 милтиғини сотишга икки йиллик тақиқловни тасдиқлашган, бироқ бор-йўғи 15 дақиқадан кейин ўз қарорларини ўзгартиришган.

Қонун лойиҳаси мактабларда хавфсизликни таъминлашга маблағ ажратиш ҳамда милтиқ сотиб олишга рухсат этиладиган минимал ёшни 18 ёшдан 21 ёшгача оширишни кўзда тутган. 

Қайта овоз беришда тузатма учун 17 киши овоз берган, 21 киши қарши чиққан.

Маълум қилинишича, Флорида сенати қурол айланмаси бўйича якуний йиғилишни 5 март куни ўтказади.

АҚШда қурол олиб юриш конституцияга 2-тузатма билан кафолатланган. Қуролни чеклаш ҳақидаги баҳслар 14 февралда Флоридадаги мактабда 17 киши отиб ташлангандан кейин яна фаоллашди.