MWC 2018 кўргазмасида ҳатто флагман смартфонларисиз ҳам барчани ажаблантирган Samsung, Sony, Asus ва бир неча хитой компаниялари ажралиб турди. "Лайфхакер" MWC 2018'нинг энг яхши 8 гаджети ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Samsung Galaxy S9 ва S9+

Фото: thencn.com

MWC 2018'да энг яхши анонс Galaxy S9 сериясининг қайта ишланган флагманларини намойиш қилган Samsung бўлди. Қурилмалар аввалгидек икки ўлчамдаги бир модель сифатида тақдим этилади, бироқ энди улар фақат ўлчамлари ва аккумуляторлари билан эмас, балки камералари билан ҳам ажралиб туради. Айнан камера янги қурилмаларнинг асосий хусусиятларидан бири сифатида баҳоланди.

Galaxy S9 ва S9+ смартфонлари f/1,5'дан f/2,4'гача ўзгарувчан диафрагмали 12 мегапикселли асосий сенсорга эга бўлди. Бундай хусусият турли ёруғликдаги шароитларга - у хоҳ қоронғулик бўладими ёки ёрқин қуёшли кунми - яхшироқ мослашиш имконини беради. Камера сониясига 60 кадрни ўз ичига олган 4К-видео ёзишга ҳамда 960 кадрда ўта секинлаштирилган 720р-роликлар олишга қодир.

Samsung ҳам Apple изидан бориб, катта диагоналли фаблетни яна қўшимча асосий камера билан бойитишга қарор қилди. У икки карра оптик зум ва орқа фонни сифатли хиралаштириш имконини тақдим этади, портрет съёмкани хуш кўрувчиларнинг бари бу имкониятни муносиб баҳолайди.

Sony Xperia XZ2

Фото: androidauthority.com

Xperia XZ2'га узоқ кутилган янги қурилма дея таъриф бериш мумкин, зеро бу сўнгги бир неча йилдаги ҳақиқатда янгича дизайнга эга илк Sony флагманидир. Ишлаб чиқарувчи нафақат анъанавий шаблондан узоқлашишнинг уддасидан чиққан, балки смартфоннинг рақиб қурилмаларга ўхшамаслигини ҳам таъминлаган.

Янги дизайнга ўтиш 18 : 9 форматдаги янги экранларга ўтиш билан бир вақтда содир бўлди. Xperia XZ2 - замонавий, ўзига хос услуб ва рақобатбардош хусусиятларга эга смартфон. У Snapdragon 845 процессори, ажойиб HDR-дисплей ва Dynamic Vibration System (DVS) технологияли барча параметрлар бўйича талабга жавоб берувчи товуш тизимига эга. Мазкур технология фильм ва ўйинларда рўй бераётган ҳодисаларни янада яхшироқ ҳис қилишга ёрдам беради.