Ўзбекистон | 13:49 / 06.04.2018
27938
5 дақиқада ўқилади

Вилоят ҳокимлиги Қарши-Шаҳрисабз йўли ёпилишига муносабатини билдирди

2018 йил 9 март куни Kun.uz  сайтида “Вилоят ҳокимининг қарори яқинни узоқ қилмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мавзуга оид: Вилоят ҳокимининг қарори яқинни узоқ қилмоқда

Унда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевнинг қарори билан 4Р79 “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” йўлида мулкчилик шаклидан қатъиназар тўла вазни 9.0 тонна ва ундан ортиқ бўлган юк машиналарининг ҳаракатланиши тақиқлангани ҳақида сўз борганди. 

Бунинг ортидан аҳоли ва юк ташиш билан шуғулланувчилар орасида норозилик келиб чиқаётгани, улар қурилиш моллари, тош, шағал, пишиқ ғишт ушбу йўл атрофидаги мижозларга бемалол олиб кириш ёки ташиш учун имкониятнинг умуман қолмагани, ҳайдовчилар ва ушбу йўл ёқасида фаолият юритувчи кўп сонли тадбиркорлар, гарчи йўл ҳаракати қоидаларида истисно ҳолатлари белгиланганига қарамай, вилоят ЙПХ ходимлари ушбу йўлдан юк ташишга умуман имкон бермаётгани ҳақида фикр юритилган эди.

Шу муносабат билан Қашқадарё вилояти ҳокимлигидаги Бош бошқармадан (қайси бош бошқарма?) жавоб мактуби келди. Тўғрисини айтганда, уни расмий жавоб хати дея олмаймиз, чунки белгиланган тартибдаги эмас, оддий қоғозга ёзилган, ташкилотнинг юридик манзили кўрсатилмаган, муҳр босилмаган, рўйхатдан ўтказилмаган. Шундай бўлса-да, биз унда “Қарши-Шаҳрисабз” йўли ҳақида сўз борлиги сабабли расмий изоҳ берилган жавоб сифатида қабул қилиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишга қарор қилдик. 

Бош бошқарма директори ўринбосари Х.Камолов имзоси билан юборилган мактубда таъкидланишича, “2012-2015 йилларда “Қарши-Шаҳрисабз” йўлининг бор узунлигида таъмирлаш ишлари олиб борилмагани туфайли йўл қопламаси жуда ночор аҳволга келиб қолганлиги вилоят ҳокими қарорини қабул қилишда инобатга олинган. 2016-2017 йилларда мамлакат ҳукумати томонидан 25 млрд сўм маблағ ажратилиб, мазкур йўлнинг 78 километри картасимон усулда жорий таъмирланган. Бунинг натижасида йўлнинг ўтказувчанлиги яхшиланган”. 

Шу билан бир вақтда, “Қарши-Шаҳрисабз” йўли республика раҳбарияти ва вилоятга ташриф буюрувчи нуфузли меҳмонлар ҳаракатланадиган асосий магистрал йўл ҳисобланади”, - дейилади мактубда.

 “Шуларни ҳисобга олиб, вилоят раҳбарияти ва йўл бошқармаси мутасаддилари, ҳеч бўлмаса, вилоятнинг асосий қон томири ҳисобланган “Қарши-Шаҳрисабз” йўналишидаги тартибга олинган автомобиль йўлларининг ҳозирги ҳолатини сақлаб қолишга йўлдан ўтаётган оғир юкламали транспорт қатновини чеклаш йўли билан эришиш мумкин, деган қарорга келишган. Шу сабабли вилоят ҳокимининг 2017 йил 18 августдаги Х667/08-сонли ҳамда 2017 йил 23 ноябрдаги Х936/11-сонли қарори қабул қилинган”, - дея таъкидланади мактубда.

Бундан ташқари мактубда бу ҳолат вақтинчалик экани айтилса-да, ушбу вақтинчалик ҳолат муддати аниқ ёки тахминан ҳам кўрсатилмаган. 

“Буни вақтинчалик ҳолат дейиш мумкин, чунки ушбу йўлнинг жами узунлиги 98 км.дан иборат бўлиб, ҳозирги вақтда трассанинг 0-10 км (Қарши шаҳри ҳудуди), 1173-1184 км оралиқдаги (Яккабоғ тумани ҳудуди), яъни 21 километр узунликда реконструкция ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириш арафасида турибди. Қолган қисмларини қайта қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, Вазирлар маҳкамасига киритилган. Яқин келажакда чет эл молия институтлари ва Республика бюджети маблағлари ҳисобидан бугунги замон талабларига мослаб қурилади ва доимий фойдаланиш учун топширилади”, - дейилади Х.Камолов имзолаган мактубда.

Шу билан бирга, Бош бошқарма тадбиркорлар ва оддий аҳоли эътирозлари ўринли эканини айтар экан, “Қарши-Шаҳрисабз” йўлида оғир машиналари ҳаракати чекланганини тўғри қарор, деб ҳисоблашини билдирган. Хуллас, жавобдан кўриниб турибдики, мазкур йўлнинг ёпилиши вақтинчалик ҳолат бўлиб, республика раҳбарияти ва нуфузли меҳмонлар ташрифи учун йўлнинг қопламасини ҳеч бўлмаганда ҳозирги ҳолатда сақлаб қолишдир. Кейинчалик, таъмирлаш ишлари якунланганидан сўнг, ушбу йўлдан барча турдаги транспорт воситалари фойдалана олишади.

Мавзуга оид