Ўзбекистон | 17:43 / 19.04.2018
11213
5 дақиқада ўқилади

Божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришда асосий эътибор нималарга қаратилади?

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаганди. Ҳужжатда талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилганлиги ва тергов олиб борилаётганлиги айтилган.

Давлат божхона қўмитасида учта янги бошқарма ташкил этилди:

а) Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси;
б) Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси;
в) Ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармаси.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси 2018 йил 1 сентябрга қадар бўлган муддатда товарларнинг божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминлайди. 

“Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти” ва “Тошкент-товар” божхона постларида божхона тартиб-таомиллари максимал даражада соддалаштирилади, божхона тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши таъминланади, товарларнинг ноқонуний импорти ва контрабандани аниқлашга қаратилган божхона маъмуриятчилигининг замонавий услубларини қўллаш бўйича дастлабки лойиҳаларни амалга ошириш ишлари тезлаштирилади ҳамда ижобий тажриба бошқа божхона постларида қўлланилади. 

Бундан ташқари, ҳужжат билан 26 январь Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимларининг куни этиб белгиланди

Ҳужжатда қайд этилишича 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади. 

Шунингдек, 1 июлдан Ўзбекистонда божхона расмийлаштирувининг янги тартиби жорий этилади. Унга мувофиқ:

товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади; 

бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади;

айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади; 

бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади; 

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга; 

импорт товарлари амалда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади; 

божхона органлари солиқ органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари билан биргаликда устав капиталида давлат улуши бўлган давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан импорт қилинаётган товарларнинг нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади;

божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилади ёки йўқ қилинади; 

божхона органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади; 

божхона органлари томонидан етакчи халқаро ташкилотлар услубиёти асосида мунтазам равишда товарлар божхона расмийлаштирувининг ўртача вақти тизимли ўрганиб борилади, уларнинг натижалари эълон қилинади, шунингдек, ушбу соҳадаги кўрсаткичларни изчил яхшилаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид