“Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”. Янгийўл тумани фуқаролари Ж.Шукуров ва М.Деҳқонбоеванинг бошидан кечираётганларини ўрганиш жараёнида бу мақол бежизга айтилмаганига ишонч ҳосил қилдим.

Уй бузиб ташланган. Оила бир йилдан ортиқ вақтдан бери кўчада. Ер кодексининг 91-моддасига асосан ҳоким қарори билан бузилган уй учун товон пули ҳам тўланган. Мулк қийматига доир консалтинг фирмасининг ҳокимият ихтиёрига берилган баҳолаш бўйича оригинал ҳужжатлари негадир йўқолган. Қизиғи, баҳолашни ўтказган фирмада ҳам унинг иккинчи асл нусхаси “тасодифан” топилмаяпти.  

KUN.UZ сайтига Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи Маъмура Деҳқонбоева мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, Янгийўл туман ҳокимлиги М39 “Тошкент-Термиз” автойўлининг қизил чизиғида жойлашгани учун 3 хонали уйини бузиб ташлаган. Ҳоким қарорида уй ўзбошимчалик билан қурилгани сабабли бузилаётгани таъкидланганига қарамай, кейинчалик уй эгасига товон пули беришган ва ер ажратиб бериш бўйича туман ҳокими қарори лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган.

Айни вақтда ҳужжатга туман ҳокимлиги мутасаддиларининг барчаси имзо чекканига қарамай, туман ҳокими А.Тўхтабоев нима учундир қарорга имзо чекиб, М.Деҳқонбоевага уй-жой қуриш учун ер ажратиб бериш ўрнига, уни пайсалга солиб келмоқда. Биз вазиятни яққолроқ тасаввур қилиш мақсадида М.Деҳқонбоева истиқомат қилиб келган Янгийўл тумани “Мирзо Улуғбек” МФЙ “Шўралисой” қишлоғида жойлашган М39 “Тошкент-Термиз” автойўли ёқасидаги ҳудудга бордик.

М.Деҳқонбоева ҳамда турмуш ўртоғи Жамол Шукуровнинг таъкидлашларича, барчаси уларнинг бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳаракатларидан бошланган. Уларга кўра, оила ўзларининг хусусий бизнесларини йўлга қўйиш мақсадида ушбу ҳудудда қурилиш ишларини лойиҳа асосида бошлаб юборган вақтларида айрим талабгорлар пайдо бўлиб, 15 минг АҚШ долларигача таклиф этишган. Бироқ ёш оила келажакка ишонч билан қараганлари ҳамда бизнес лойиҳалари муваффақият қозонишига қаттиқ ишонганлари учун бошлаган ишларини ўзлари давом эттиришни хоҳлашган. Шу боисдан ҳам ерни сотиш бўйича таклифларни рад этишган.

“Биз эски ҳовлимизнинг орқа томонидан ҳам ўзимизга турар-жой, унинг ён томонидан 3 қаватли бино қуриш истагида эдик. Бинонинг лойиҳасини ҳам чиздириб, шу бўйича қурилиш ишларини бошлаб юборгандик. 3 қаватли бинонинг биринчи қаватида автотеххизмат шохобчаси, дўкон, иккинчи қаватида тикувчилик цехи, учинчи қаватида фитнес зали ташкил этишни режалаштиргандик, - дейди М.Деҳқонбоева. – Бизнес лойиҳамиз фойда келтиришига ишончимиз комил эди. Бироқ кейинги ишлар буларнинг бари хомхаёл эканини кўрсатди”.