Амал ва раҳбарлик. Коммунистик даврда бу икки тушунча шу қадар илоҳийлаштирилдики, мана, орадан ўнлаб йиллар ўтган бўлса ҳам унинг юракни ёрар сиймоси ҳамон яшаб келмоқда. Бугун ҳеч бир соҳа раҳбарга муҳтож эмас, бугун тараққиёт йўли учун етакчи зарур. Хонанинг тўрини эгаллаб олиб, бўлар-бўлмасга мажлис қилиб, столни муштлайдиган, қўл остидаги ходимларнинг тирноғи остидан ҳам кир қидирадиган “сохта император”лар, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги замон кишилари эмас.

Инсон боласи борки, унда ҳамият яшайди. У оддий ишчида ҳам бор, вазирда ҳам. “Бу оддий одам, ишдан кетишини ўйлаб ҳам айтганимни қилади”, қабилида фикр юритиб, ходимлари ҳамиятига тегадиган сўзлар билан уларни ҳақоратлаш инсонийлик фазилатига ёт бўлган ҳолатдир. Фикримизни KUN.UZ таҳририятига келган мактуб билан танишгач, яна давом эттирамиз.
“Ассалому алайкум KUN.UZ’нинг ҳурматли ижодкорлари. Мен Россияда электрик бўлиб ишлайман. Наманган вилоятининг туманларидан бирида жойлашган электр тармоқлари корхонасида 6 ой ишлаб, ўз хоҳишим билан у ердан бўшадим. Меҳнат шартномасини бекор қилишлик тўғрисидаги аризамни ёзиб, хизмат вазифамдан озод қилинганман.
Бунга сабаб иш вақти соати чегараланмаган, боз устига норасмий равишда ҳар куни 22:00дан кейин мажлисбозлик бўларди. Бундан ташқари, бу мажлисларда раҳбар томонидан ходимларга қарата айтиладиган, куракда турмас ҳақоратли сўзлар, камситишлар жон-жондан ўтиб кетади. Бу номаъқул сўзлар ишлаган, ишламаган ходимга қарата айтилаверарди. Тажрибасиз раҳбарнинг ишнинг кўзини билмасдан, қўл остидагиларнинг касбига бўлган меҳрини, иштиёқини ошириб, бу билан самарадорликка эришиш ўрнига уларни ҳақоратлашига кўз юма олмадим ва ишдан бўшадим.
Икки танишим олийгоҳни тамомлаб, чет элга ишлаш учун кетишмоқчилигини айтишди. Мен уларга дипломлари бўлса, қўлларида ҳунарлари бор, ўз ватанларида қолиб ишлашни маслаҳат бердим. Ота-она, яқинлар ёнида бўлишга нима етсин... Мана шуларни уларга тушунтиргандай бўлдим.
Гапларимга қулоқ осишиб, ўз соҳалари бўйича ҳужжатларини топширишди ва кўп ўтмай ҳудудий МИБга қабул қилинишди.
Орадан 5-6 ой ўтиб, эшитдимки, улар ҳам ўз хоҳишлари билан ишдан бўшашибди. Улар ҳам мен дуч келган ҳолатга учрашган. Раҳбар томонидан нотўғри йўлга қўйилган ишлаш тизими ва юқоридаги мажлисбозлик уларнинг ишга бўлган шижоатларини сўндирган”.
Раҳбарнинг иш ривожи, тартиб-интизом учун жон куйдириши бор гап. Чунки тепароқдаги раҳбарлар ундан ҳам шуни талаб қилади. Аммо ходимга нисбатан тўраларча писандсиз муносабат, унинг шахсиятига тегиш, барчанинг ичида ҳақорат қилиш “раис бува” замонасидан қолган иллат ҳисобланади.















