Бу ҳақда ҳокимликлар қарорларини яшириш ҳолатлари бўйича саволга берилган жавобда маълум қилинди.
Қайд этилишича, агентлик E-qaror тизимида «яширилган» мақомда қабул қилинган ҳужжатларни мониторинг қилган. Натижада 771 та ҳужжатни яшириш учун асос бўлмагани аниқланган. Уларни очиқлаш бўйича ҳокимликларга 53 та тақдимнома киритилиб, мазкур ҳужжатларнинг очиқланиши таъминланган.
Тақдимномалар асосида масъул мансабдорлар ва ҳокимларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилган. Ишдан бўшатиш ва ҳайфсан чораларидан ташқари, 96 нафар мансабдор интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилган.
Умуман, 2026 йилнинг тўққиз ойида маҳаллий ҳокимликлар 128 174 та ҳужжат қабул қилган. Уларнинг 90 859 таси — 71 фоизи очиқланган. Қолган 37 315 таси, яъни 29 фоизи «яширилган» мақомда ёки «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи билан қабул қилинган.
Агентлик маълумотига кўра, ёпиқ ҳужжатлар кўлами ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга камайган.












