Ўзбекистон | 16:09 / 31.08.2018
5942
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида Туристлар ахборот маркази очилди

Туризм соҳасида инновацион ғояларни амалга ошириш ҳамда сайёҳларга барча турдаги зарурий хизматлар (сим-карталар олиш, такси буюртма қилиш, халқаро сўзлашув, меҳмонхона ҳамда авиа ва темир йўлчипталарни брон қилиш, савдо, маиший хизмат ва ҳокоза хизматлар) ҳамда туристларга комплекс хизматларни кўрсатиш мақсадида Тошкент вилояти Ангрен шаҳри, Аппартак МФЙ ҳудудидаги “Ангрен-Янгиобод” йўналишида замонавий, барча қулайликларга эга Туристлар ахборот маркази очилди. Очилиш маросимида вилоят туризмни ривожлантириш департаменти, шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этишди. KUN.UZ мухбири вилоят туризмни ривожлантириш департаменти вакиллари берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти

Туристлар ахборот маркази Ангрен шаҳар ва унинг ҳудудидаги мавжуд туристик объектлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон базаси, турли хил қўлланма ва буклетлар билан таъминланган. Шу билан бирга, марказда  енгил овқатланиш тармоғи, ҳунармандчилик буюмлари намойиши ва сотуви ҳам йўлга қўйилган. Ахборот маркази сифатли фаолият юритиши учун керакли анжомлар ва мебель жиҳозлари билан таъминланган.

Фото: Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти

Марказда хизмат турларини кўпайтириш мақсадида ресторан ва меҳмон уйларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти

Бундан аввал KUN.UZ'да Стандартлаштириш халқаро ташкилоти (ISO) томонидан янги ISO 14785:2014 «Туризм ахборот бюролари. Туризм ахбороти ва қабул қилиш хизматлари. Талаблар» стандарти ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Туризм ахборот бюролари — бу маҳаллий туристик маҳсулотлар, диққатга сазовор жойлар, минтақанинг тарихий масканлари, тадбирлар, экскурсион йўналишлар, транспорт, шопинг, кўнгилочар тадбирлар ва бошқалар ҳақида маълумот тақдим этувчи сервис хизматлари.

Мавзуга оид