Жамият | 23:29 / 12.09.2018
7109
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Болливуд фильмлари суратга олинади

Ўзбекистон маданият кунларининг учинчи кунида тадбирлар Ҳиндистоннинг Нойда шаҳридаги машҳур кўнгилочар саноат маркази - Марва Студиосда ўтди. Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонасидан маълум қилишларича, 200дан зиёд ҳиндистонлик Ўзбекистон, унинг туристик ва инвестицион салоҳияти ҳақидаги ҳужжатли фильмлар билан танишиб, шунингдек "Сирдарё наволари" гуруҳи иштирокидаги концерт дастуридан завқ олишди. 

Марва Студиос асосчиси, Медиа ва кўнгилочар саноат палатаси раиси Сандип Марванинг сўзларига кўра, Нойдадаги тадбирлар икки мамлакатнинг кинематография йўналишидаги барқарор ривожланаётган муносабатларининг яна бир исботидир. 

"2014 йилда асос солинган ташкилотимиз таркибида Ҳиндистон Бош вазири жаноб Нарендра Моди ташаббуси ила дунёнинг турли мамлакатлари билан 166 дўстлик ҳамжамияти мавжуд. Бироқ уларнинг орасида энг фаоли - бу Ҳинд-Ўзбек кино ва маданият форуми", - дея таъкидлади у. 

Сандип Марванинг қайд этишича, яқин ойлар ичида Форум бадиий фильм йўналишида Ўзбекистон ва Ҳиндистон қўшма лойиҳаси ҳақида эълон қилади. 

"Биз Ўзбекистоннинг кино компаниялари ва продюсерлик марказлари билан музокаралар олиб боряпмиз ва тез орада Ўзбекистонда съёмкалар бошланишини кутяпмиз. Бу икки мамлакатнинг мазкур йўналишдаги ҳамкорлиги жуда тез ривожланаётганидан далолат бермоқда", - қўшимча қилди Марва.

Ҳиндистон-Ўзбекистон кино ва маданият форуми қисқа вақт ичида икки томонлама муносабатларни ривожлантирувчи қатор дастурларни амалга оширди. Хусусан, Тошкент ҳақида ҳужжатли фильм ишланди, Ҳиндистон жамоатчилиги Деҳли, Мумбай ва Калькуттадаги ўзбек фильмлари фестивалини катта қизиқиш билан қабул қилди, ўзбекистонлик мутахассисларнинг кино санъати бўйича таҳсил олиши учун грант ажратилди, кино, телевидение ва санъат арбоблари делегациялари алмашинуви давом этмоқда. Ҳиндистон радиостанцияларида ҳафтада икки марта Ўзбекистон ҳақида маълумот берувчи махсус эшиттириш узатилмоқда. Ўзбекистон туризми ва кино-локациялари тарғиботи бўйича форумни ташкиллаштириш, шунингдек ўзбекистонлик кино арбобларининг Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган тўрт глобал кино фестивалида иштирокини ташкил этиш режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистон делегациясининг шунингдек Агра шаҳрига ташрифи кутилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, 10-14 сентябрь кунлари Ҳиндистонда Ўзбекистон маданият кунлари ўтказилмоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид