Рауф Парфи Ўзтурк хотирасига бағишланган кеча қолдирилди
Рауф Парфи таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан «Туркий дунёнинг ғолиб хаёли» деб номланган хотира кечаси тадбир санасига бир ҳафта қолганида бекор қилинди. Бу ҳақда «Kun.uz»га тадбир ташкилотчилари маълум қилишди.
Ушбу хотира кечаси 25 сентябрь куни соат 15:00да Тошкент шаҳри, Навоий шоҳ кўчасида жойлашган Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонада ўтказилиши режалаштирилганди.
Тадбир давомида Рауф Парфи шеърлари асосида тайёрланган саҳна асари ҳамда китоблар кўргазмаси намойиши ўтказилиши кўзда тутилганди.
«Kun.uz» манбасининг маълум қилишича, 24-25 сентябрь кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят ахборот-кутубхона марказларида «Болалар китоби» фестивали ўтказиши муносабати билан Рауф Парфининг юбилейи ҳамкор ташкилотлар билан кенг миқёсда ўтказилиши учун бошқа муддатга қолдирилган.
Рауф Парфи ўзбек адабиётининг энг ёрқин вакилларидан бўлиб, унинг лирикаси бир неча авлод хотирасига муҳрланган. «Карвон йўли», «Акс-садо», «Тасвир», «Хотирот», «Кўзлар», «Қайтиш», «Сабр дарахти», «Сукунат», «Тавба», «Сўнгги видо» каби шеърий тўпламлари нашр этилган шоир 2005 йилнинг мартида 62 ёшида Тошкентда вафот этган.
Абдуллажон марсияси
Қушлар, қушлар қатор-қатор,
Қушлар, уйга қайтингиз.
Абдуллажон қайтмас зинҳор,
Ёр-дўстларга айтингиз.
Ўйнар бўрон, ўйнар бўрон,
Ўйнар менинг бошимда.
Энди йўқдир Абдуллажон
Йигирма беш ёшида.
Йўллар узун, йўллар узун,
Кунлар ҳам кўп чўзилди.
Қонли ёшлар тўкди кўзим,
Жигар-бағрим эзилди.
Поезд чопар, поезд чопар,
Поезд чопар Сибирдан.
Абдуллажон жонсиз ётар,
Қароргоҳи темирдан.
Бўзлар осмон, бўзлар осмон
Бўзлаб берса бўз тўрғай.
Кўзларини Абдуллажон
Бир дам очса на бўлғай.
Нафас олмай ул ухлайди,
Кўкрагида ўнг қўли.
Ер йиғлайди, эл йиғлайди,
Йиғлар ўзи ҳам ўлим.
* * *
Хато қилдим, севгилим
Хато қилдим, севгилим,
Хато қилдим беомон.
Йўқ энди борар йўлим,
Боғимда сўлди гулим,
Бағрига тўлди хазон.
Хато қилдим, севгилим,
Хато қилдим билмасдан,
Қани ютилса тилим,
Қалтираб турар қўлим
Жигаримни юлмасдан.
Хато қилдим, севгилим,
Хато қилдим билмасдан,
Мен суйиб хато қилдим,
Мен куйиб хато қилдим,
Ўлиб хато қилмасман...
Хато қилдим, севгилим...
* * *
Лайло
Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни,
Ширин хаёлингни буздимми?
Сени ўйлаб келмайдир уйқу -
Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб гулрў
Ман ухларман мангу эҳтимол.
Гўзал тушлар тилайман, Лайло...
Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..