Сир эмас, бугун инсоният келажаги хавф остида қолган: олимлар дунё ҳамжамиятини Ер курраси ҳаво ҳароратининг йилдан йилга ошиб бориши йиллар ўтиб, улкан талофатларга олиб келишидан огоҳлантиришмоқда. Аммо афсуски, олимларнинг бу огоҳлантиришларига етарлича эътибор қаратилаётгани йўқ. Шу тариқа, катта илмга эга инсонларнинг айтмоқчи бўлган арз-додлари қоғозларда, қайд этилган минбарларда қолиб кетмоқда. Вақт эса ўтиб бормоқда. Оқибатда вазият янада кескинлашиб, йилдан йилга Ер юзидаги ёғингарчиликлар миқдори камайиб, қурғоқчилик авж олмоқда. Ажабланарлиси, сув танқислиги иқтисодиётнинг барча соҳаларига салбий таъсир ўтказиб, сайёрамизнинг деярли барча ҳудудларини қамраб оляпти. Қурғоқчилик шу йўсинда такрорланаверса, яқин 30-40 йил ичида Марказий Осиё минтақасида сув танқислиги шу даражага бориб етадики, сув энг қимматбаҳо товарга айланиши гумондан холи эмас (НАСА тадқиқотлари ҳам мудҳиш келажак оқибатларини тасдиқлайди).
Қурғоқчилик қандай вужудга келади?
Мавжуд ҳолат Марказий Осиё республикаларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўз аксини топаётганига гувоҳмиз. Зеро, ҳудудда яшовчи аҳоли сони ошиб боргани ҳамда саноатнинг ривожлангани боис истеъмол қилинадиган ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига сарфланадиган сув миқдори кўпайиб, Орол денгизининг қуриши каби муаммоларнинг вужудга келганига анча йил бўлган. Нима бўлганда ҳам, қурғоқчиликнинг асл келиб чиқиш сабабларини билмасдан туриб, бунга нисбатан бирор чора кўриш ўз самарасини бериши қийин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қурғоқчиликнинг вужудга келиши, яъни ёмғирлар ҳаддан ташқари кам ёғишининг асосий сабабларидан бир ернинг устки қатлами ҳароратининг ошиши ҳамда ҳаво таркибида карбонат ангидрид ва бошқа газларнинг нисбий жиҳатдан кўпайганидадир. Фанда маълумки, карбонат ангидрид гази ҳаводан 1,5 баробар оғирдир. Бу оғирлик ҳавонинг ҳажмий зичлигини маълум даражада оширади. Зичланган ҳаво сийрак ҳавога нисбатан қуёш нурлари остида тезроқ қизийди ва атмосферанинг энтропик ҳолати ўзгариши туфайли ҳаводаги босим ҳам ўзгариб, унинг кенгайишига олиб келади. Оқибатда осмондаги булутлар маълум даражада баландроққа кўтарилади. Бу ҳолатда осмонда булут бўлса-да, ёғингарчилик бўлмайди. Ёғингарчилик бўлиши учун ҳаво таркибидаги эфир ёғлари, шунингдек, газларни оксидловчи озон гази (О3) ҳамда карбонат ангидрид гази (СО2) ни ютадиган восита бўлиши керак. Бу восита қуёш нурини ўзида ютувчи дарахтзорлар ва сув ҳавзаларидир.
Дарахтлар - қутқарувчи
Мактаб давридан дарахтлар карбонат ангидрид газини ютиб, ўзидан кислород чиқаришини биламиз. Аммо, надоматлар бўлсинки, ҳозирги кунда бутун дунёда яшил ҳудудлар сони кўпайиш ўрнига қисқариб бормоқда. Ўтган асрнинг 60-йилларидаги аҳоли жон бошига тўғри келадиган дарахтлар ҳозирги кун билан таққослаб кўрилганида, аҳолининг ўсишига нисбатан бир неча баробар камайиб кетган. Шу тариқа, кўп жойларда ҳаво ҳароратининг пасайишини таъминловчи унсурлар йўқолиб, ушбу газнинг кўпайишига сабаб бўлувчи муҳит вужудга келди.
















