Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада озуқабоп экинлари уруғчилигини ташкил қилиш, уларни истеъмолчи хўжаликларга тизимли етказиб бериш ҳамда тўлов тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан “Озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликларни ташкил этиш ва озуқабоп экинлар уруғлигини етиштириш тартиби тўғрисида” Низом;

2019 йил ҳосили учун асосий майдонларда озуқабоп экинлар уруғини етиштириш учун жойлаштириш, етиштириш ва доимий мониторинг юритиш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби;

2019-2021 йилларда илмий тадқиқот институтлари томонидан озуқабоп экинларнинг бирламчи уруғларини етиштириш прогноз ҳажмлари;

2019 йил ҳосили учун ихтисослаштирилган уруғчилик фермер хўжаликларида асосий майдонларда чўл-яйлов озуқабоп экинлар уруғини экин турлари ва навлари бўйича жойлаштириш;

2019 йилда озуқабоп экинлар уруғини етиштириш учун талаб этиладиган  ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитлар ҳажми;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтида чўл-яйлов озуқабоп ўсимликларининг бирламчи уруғлик майдонларини ташкил қилиш учун “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДУК томонидан қайтариш шарти билан бериладиган молиявий ёрдам ҳисобидан харид қилиниши зарур бўлган моддий-техника ресурслари рўйхати тасдиқланиши мумкин.

Республика ишчи гуруҳи (Расулов):

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос равишда сув таъминоти яхши бўлган, унумдор ер майдонларига озуқабоп экинлар уруғини жойлаштиришда;

илмий тадқиқот институтлари ва фермер хўжаликларига аванс маблағларини ўз вақтида ажратиш, уруғлик, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, кимёвий воситаларни етказиб бериш, агротехника тадбирлари муддатида, сифатли ўтказилишини ташкил этиш, етиштирилган маҳсулотларни белгиланган нархларда харид қилиш ва якуний ҳисоб-китобларни амалга оширишда;

озуқабоп экинлар уруғини етиштирувчи ривожланган мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги замонавий технологияларни жорий этиш, озуқабоп экинлар уруғини етиштирувчи фермер хўжаликлари ва соҳа мутахассисларининг малакасини доимий равишда ошириб боришни ташкил этишда амалий ёрдам берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази 20 кун муддатда ҳудудларнинг иқлим шароитларига мос, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли озуқабоп экинлар уруғларини хорижий мамлакатлардан олиб келиш юзасидан уларнинг турлари ва навлари, талаб этиладиган ҳажми бўйича Уруғчиликни ривожлантириш марказига ўз таклифларини киритадилар.