Ўзбекистонда 5 кун давом этган кенг кўламли ҳарбий ўқув машғулотлари якунланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг фармойишига биноан 26 ноябрь эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текшириш учун бошланган кенг кўламли ўқув машғулотлари якунланди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, текширув давомида қўшинлар мамлакатдаги саккизта дала ўқув майдонларида амалий машқлар бажаришди.
Бугун, 30 ноябрь куни вазирлик қўшинлари юқори жанговар шайлигини текширишнинг комплекс тадбирлари якунланди.
Вазирлик яна бир бор ҳарбий ўқув машғулотлари вақтида йўл ҳаракатлари қоидаларига риоя этишга чақирган.
«Оғир юк машиналари ва жанговар техникалардан иборат колонналарнинг ҳарбий қисм ҳудудларига автомобиль йўллари орқали қайтарилиши муносабати билан, шунингдек, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мамлакатимиз фуқароларидан ҳаракатланувчи колонналарга халақит бермасликни, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш ва йўл-патруль хизмати ходимларининг талабларини сўзсиз бажаришни сўрайди», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 26 ноябрь куни президент фармойиши билан Ўзбекистонда жанговар шайликни текшириш мақсадида машғулотлар бошланганди.
Машғулотларнинг илк кунида Шаҳрисабз – Қарши автомобиль йўлида оғир ҳарбий техникалардан иборат колонна ва «Лаcетти» русумли автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, 3 киши ҳалок бўлди.
Мудофаа вазирлиги қўшинларини тўсатдан текшириш давомида қўшинлар ўқув-жанговар вазифаларни бажариш пунктларига ташланди.
Машғулотларнинг охирги кунида Мудофаа вазирлиги қўшинлари шартли душманни йўқ қилиш амалиётларини бажаришди.
Мавзуга оид
18:23 / 07.11.2024
Чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади
17:54 / 31.08.2024
Марказий ҳарбий округда зирҳли ва махсус ҳарбий техникаларни таъмирлаш йўлга қўйилди
21:42 / 20.08.2024
Россия Мудофаа вазирлиги «Белгород», «Брянск» ва «Курск» қўшин гуруҳларини ташкил этди
14:19 / 04.06.2024