Жаҳон | 14:40 / 14.12.2018
18702
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Африкада Россия ва Хитой билан рақобатни бошламоқчи

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти янги йўналиши терроризмга қарши кураш эмас, балки Россия ва Хитой билан рақобат бўлган, Африка минтақаси учун стратегияни тақдим этди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ёзмоқда.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон томонидан маълум қилинган, Африкадаги Америка янги стратегияси муваффақияти Вашингтоннинг минтақадаги иқтисодий алоқаларига боғлиқ, дея ёзади WSJ.

Жон Болтон
Фото: AP Photo/Cliff Owen

Вашингтон Африка давлатларига Пекин ва Москва билан ҳамкорликка муқобил вариант таклиф қилиш ниятида, дея таъкидланади материалда. Болтоннинг сўзларига кўра, минтақадаги Америка стратегияси концепцияси «ҳукмронлик ва бурч» эмас, балки «мустақиллик, эркинлик ва ўсиш»дан иборат.

Қўшма Штатлар ташқи қўллаб-қувватлов дастурларини ислоҳ қилиш, иқтисодий алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш ёрдамида Россия ва Хитойга қарши курашишни режалаштирмоқда. Асосан, стратегия савдо, кредитлар ҳамда субсидиялар орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, Вашингтоннинг мақсади бутун қитъа бўйлаб АҚШ сармояларини қўллаб-қувватлаш, ўрта синфнинг ўсиши ҳамда минтақадаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўлади.

Америка стратегиясининг янги йўналиши тўла асосланган, дейилади материалда. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Африка аҳолиси 2050 йилга бориб 2,5 миллиардга етиши мумкин. Африка минтақасидаги дўстона муносабатлар АҚШ иқтисодий ва ҳарбий манфаатлари учун жуда муҳим, дея қайд этади нашр. Акс ҳолда, қашшоқлик ва сиёсий муаммолар оммавий миграция ҳамда хавфсизлик соҳасидаги таҳдидлар кўринишида беқарорликка олиб келади, деб ёзади газета.

Шунингдек, иқтисодий муносабатлар жиҳатидан, Россия Африка мамлакатларига кўп нарса таклиф қилолмайди, бироқ Москва мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилаётган Марказий Африка Республикаси каби давлатларда мустаҳкам ўрнашиб олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ва Россия кучаядиган бўлса, дунёда фалокат юз бериши тахмин қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид