Давлатларнинг қарз жалб қилиш ҳажми тарихий энг юқори даражаларга етди. Қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ва бюджет эҳтиёжларининг ортиши давлат молиясига тобора кўпроқ босим ўтказмоқда. Жами қарзнинг катта қисми дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари ҳиссасига тўғри келса-да, қарзни миллий ишлаб чиқариш ҳажми билан таққослаганда манзара ўзгаради.
Инфографикада турли мамлакатларнинг 2026 йилдаги давлат қарзи ҳажми бўйича прогнозлар келтирилган. Маълумотлар Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) «Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари» (World Economic Outlook) ҳисоботининг 2026 йил октябр сонидан олинган. Бунда барча даражадаги ҳокимият органларининг мажбуриятларини қамраб олувчи давлат бошқаруви секторининг ялпи қарзи ҳисобга олинган.
АҚШ 41,4 триллион долларлик давлат қарзи билан биринчи ўринни эгаллайди. Бу жаҳондаги жами давлат қарзининг тахминан учдан бирига тенг.
Сўнгги ўн йилда АҚШда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2016 йилдаги 107,5 фоиздан 2026 йилда 126,8 фоизга етди: давлатнинг қарз олиш ҳажми иқтисодиётдан тезроқ ўсди. Шу билан бирга, қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам ортиб бормоқда. 2026 молия йилида федерал ҳукуматнинг соф фоиз тўловлари 1,1 триллион долларга етди. Бу мудофаа харажатларидан 225 миллиард долларга кўп.
Иккинчи ўринда 22,5 триллион доллар қарзи бор Хитой турибди. Прогнозларга кўра, 2026 йилда Хитойнинг давлат қарзи илк бор ЯИМнинг 100 фоизидан ошади.
АҚШдан фарқли равишда, Хитойда бюджет муаммоларининг асосий манбаларидан бири маҳаллий ҳокимият органларини молиялаштириш тизимидир. Кўп йиллар давомида ҳудудий маъмуриятлар инфратузилма лойиҳалари ва ҳудудларни ривожлантиришни молиялаштириш учун қарз жалб қилган ҳамда ер сотишдан олинган даромадлардан фойдаланган. Бироқ кўчмас мулк бозоридаги пасайиш бюджетларни тўлдиришнинг бу моделига путур етказиб, давлат молиясига босимни кучайтирди.
Бюджет муаммоларининг хусусияти турлича бўлса-да, ҳар икки мамлакат мисоли давлат қарзларининг ортиши дунёнинг энг йирик икки иқтисодиётида молиявий вазиятни қандай ўзгартираётганини кўрсатмоқда.
Давлат қарзи ҳажми энг катта бўлган мамлакатларда қарз юки ҳам энг юқори бўлиши шарт эмас. Қарз иқтисодиёт ҳажмига нисбатан баҳоланса, прогнозларга кўра, 2026 йилда 20 мамлакатда давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан ошади. Улар орасида йирик саноатлашган давлатлар ҳам, кичик ривожланаётган иқтисодиётлар ҳам бор.
Давлат қарзининг ЯИМга нисбати бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткич Суданда кутилмоқда — 334,4 фоиз. Ундан кейин 199,4 фоиз билан Япония туради. Францияда (118,5 фоиз) ва Канадада (115,6 фоиз) ҳам давлат қарзи товар ва хизматлар ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажмидан ошади. Боливияда бу кўрсаткич 100 фоизлик чегарадан бироз юқори — 100,2 фоиз бўлади. Россияда эса давлат қарзи атиги 552 миллиард доллар ёки ЯИМнинг 19,3 фоизини ташкил этади.












