Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий байрам ва дам олиш кунларида Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш, фуқароларнинг муносиб ҳордиқ чиқаришларига имконият тақдим этиш мақсадида «2019 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.
Ушбу фармоннинг ижросини таъминлашда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг йўловчи ташиш хизмати 2018 йил 30 декабрдан 2019 йил 3 январгача маҳаллий ва тезюрар Afrosiyob поездлари чипталарига чегирмалар жорий қилгани ҳақида эълон қилган эди. Унга кўра,
- пенсионерлар, ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фуқаролар учун (маълумотнома, гувоҳнома тақдим этилган ҳолда) – 50 фоиз;
- олий ўқув юрти талабаларига (гувоҳнома тақдим этилган ҳолда) – 50 фоиз;
- оилавий (икки ёки ундан ортиқ киши - эри ва рафиқаси, эри ёки рафиқаси ҳамда 18 ёшгача бўлган фарзандлари, 18 ёшга тўлмаган фарзанд ота ёки онаси билан бирга бўлганда, никоҳ гувоҳномаси ва қариндошликни белгиловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилган ҳолда) – 30 фоиз;
- жамоа бўлиб саёҳатга чиққан корхона ва ташкилотлар ходимларига (4 киши ва ундан ортиқ корпоратив буюртма берилганда), мактаб, коллеж ва лицей ўқувчиларига – 20 фоизгача чегирмалар белгиланди.
Буларнинг барчаси яхши албатта. Kun.uz таҳририяти эса, темир йўл кассаларида чипталарни харид қилишда муаммолар мавжудми, деган саволга жавоб топиш мақсадида ўз ўрганишини олиб борди. Шу муносабат билан Тошкент, Самарқанд ва Андижон шаҳарларидаги темир йўл кассалари фаолияти бир кунда, бир вақтнинг ўзида ўрганилди, чипта харид қилган фуқаролардан интервьюлар олинди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Ўрганишларимиз натижасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, айни кунларда, кассаларда чипта харид қилиш билан боғлиқ бирор муаммо кўзга ташланмади. Чипта харид қилиш учун келган мижозлар ўзлари истаган кунга чипта сотиб олиш имкони мавжудлигини эътироф этишди.

















