Спорт | 14:53 / 25.12.2018
5327
2 дақиқада ўқилади

Олимпия чемпиони Антон Шипулин фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилди

Фото: РИА Новости / Евгений Биятов

Россиялик биатлончи Антон Шипулин спорт фаолиятини якунлаши ҳақида қарор қабул қилди. У бу ҳақда жорий мавсумдаги биринчи стартдан аввал, Германиянинг Гельзенкирхенидаги матбуот анжуманида хабар берди.

Биатлончининг айтишича, унинг қарорига допингдан фойдаланиш бўйича шубҳалар ва Австрия полицияси томонидан ўтказилган тинтувлар таъсир кўрсатган. Шунингдек, Шипулин юқори даражада натижа кўрсатишга тўсқинлик қилаётган соғлиғидаги муаммолардан нолиди.

Спортчи 29 декабрь кунги «Рождество пойгаси»да сўнгги марта стартга чиқади.

Декабрь бошида Австрия полицияси Шипулин ва бир қатор россиялик биатлончилар олдига ташриф буюрганди. Уларнинг барига 2017 йилги жаҳон чемпионати вақтида допингга қарши қоидаларни бузиш бўйича айблов қўйилди. Шипулин бу айбловларни бемаънилик, деб атади.

Мавсум бошланишидан олдин биатлончи ёмон жисмоний ҳолатда эканини билдирди ва миллий терма жамоа йиғинларида иштирок этиш истаги йўқлигини тан олди. Бироқ, кейинчалик ўз фикрини ўзгартирди ва спортга қайтди.

Шипулин - 2014 йили Сочида ўтказилган Олимпия ўйинлари ғолиби. У Ванкуверда Олимпиада-2010да бронза медалини қўлга киритганди. Бундан ташқари, у жаҳон чемпионатларининг олти карра совриндори ҳисобланади.

Мавзуга оид