Жамият | 18:20 / 29.12.2018
6705
3 дақиқада ўқилади

«Ўзметкомбинат» АЖ тараққиётнинг янги босқичида

2018 йил «Ўзметкомбинат» АЖ учун туб бурилиш йили бўлди.Бемалол айтиш мумкинки, комбинат “SFI Management Group” ишончли бошқарувчи компания билан ҳамкорликда тараққиётнинг янги даврига, янги босқичига муваффақиятли тарзда ўтди. Буни якунланаётган йилда эришилган меҳнат натижалари ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Фото: Ўзметкомбинат

Бу йил бекободлик металлурглар пўлат эритиш ва прокат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда юқори суръатларга эришдилар.Жорий йилнинг 28 декабрь ҳолатига кўра комбинатда 903 591 минг тонна пўлат эритилиб, белгиланган режа 101, 2 фоизга бажарилди. 2017 йил шу даврига нисбатан 249 405 тонна кўп маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 138, 1 фоизни ташкил этди.

Фото: Ўзметкомбинат

Бу йил пўлат эритувчилар маҳсулот ишлаб чиқаришда бир қатор рекордларни янгилашга эришдилар. Февраль ойида Электрда пўлат эритиш цехида пўлат эритиш бўйича рекорд ўрнатилди. Пўлат эритувчилар бу ойда печдан 656 маротаба пўлат қуймаси олишди. Бу 74 395 тоннани ташкил этди. Бир ойда шунча пўлат эритиш ЭПЭЦ тарихида бўлмаган эди. Шундан сўнг яна тўрт бор бу рекорд янгиланди. Март 79, 7 минг тонна, апрелда 81, 2 минг тонна, май ойида 82, 1 минг тонна, августда 82, 7 минг тонна пўлат эритилди. 

Фото: Ўзметкомбинат

Прокатчилар эришган натижалар ҳам салмоқли бўлди. Шу даврда комбинатда 1 060066 тонна прокат маҳсулотлари тайёрланиб, йиллик режа муддатидан олдин 100, 1 фоизга бажарилди. Ўтган йилга қараганда 333 857 тонна кўп прокат маҳсулотлари тайёрланиб,ўсиш суръати 146 фоизни ташкил этди. Шу жумладан 235 119 тонна пўлат золдирлар ишлаб чиқарилди.  Бу 2017 йилга нисбатан 41 688 тоннага кўп бўлиб, ўсиш суръати 121, 6 фоизни ташкил этди.

Фото: Ўзметкомбинат

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, комбинатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати жаҳон андозалари талабларига тўлиқ мос келади. Прокатчиларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг катта қисми экспортга жўнатилаётганлиги ҳам фикримиз исботидир.

“Металлург минбари” кўп нусхали газета муҳаррири
Исмадиёр МАМАТҚУЛОВ.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид