Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида айтилган.
Ҳужжатга кўра тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳа билан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси тасдиқланади.
Концепцияда:
Ўзбекистоннинг нуфузини халқаро майдонда ошириш мақсадида самарали ва кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот ишларини йўлга қўйиш, миллий туристик брендни яратиш, хорижий оммавий ахборот воситалари билан ўзаро манфаатли келишувларга эришиш;
халқаро ташкилотлар вакилларини Ўзбекистонга таклиф қилиш ва уларни республикада юз бераётган ўзгаришлар билан бевосита таништириш;
халқаро ташкилотлар ва рейтинг агентликлари (“Fitch”, “Standard &Poоr's”, “Moody’s”) билан Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш назарда тутилади.















