Ўзбекистон давлат бошқарувига Малайзия тажрибасини қўллаш мумкинми?
Малайзия бир пайтлари [ўтган асрнинг 60 йилларида] хом ашё ресурсларининг экспортига йўналтирилган иқтисодиётга эга бўлган давлатлардан бири бўлиб, у давлат ва бизнес ўртасидаги шерикчиликни инстититуциализация қилиш орқали иқтисодиётни саноатлаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш учун мақбул сиёсий ва иқтисодий шароитлар яратишга муваффақ бўлган.
Буни амалга ошириш учун давлат бошқаруви ва ижтимоий-иқтисодий бошқарув тизимини буткул ўзгартиришга тўғри келган. Мамлакатда давлат бошқаруви, давлат хизматлари ислоҳ этилиб, давлат органлари функционал, ташкилий ва молиявий жиҳатдан оптималлаштирилган. Ана шу тажрибани Ўзбекистон ўз мисолида қўллай оладими? Малайзиянинг давлат бошқарувидаги иш усули Ўзбекистон учун мақбулми?
14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Инновация ва бошқарув ечимлари лабораториясида «Малайзиянинг маъмурий ислоҳотлар соҳасидаги тажрибасини ўрганиш: Ўзбекистон учун хулосалар» мавзусида маъруза муҳокамаси бўлиб ўтди. Маърузани БМТ Тараққиёт дастурининг «Давлат бошқарувини самарали ривожлантириш ва рақамли трансформацияга кўмаклашиш» лойиҳасининг миллий консультанти Камолиддин Ҳамидов тақдим этди. Маърузачи юқоридаги саволларга қисман жавоб беришга ҳаракат қилди.
«Бугунги кунда Малайзия ҳукуматининг фаолияти таркибий ислоҳотларни мустаҳкамлаш, аҳоли даромадини ошириш ва глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Мамлакатда «рақамли иқтисодиёт»ни кенг жорий қилиш ишлари амалга оширилмоқдаки, бу наинки жуғрофий нуқтаи назардан, балки жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олишга қаратилган.
Малайзия тажрибаси юртимизда кенг ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда Ўзбекистон давлат бошқарувига қўллаш имкониятлари нуқтаи назаридан қимматли тажриба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Малайзия 1957 йилда мустақилликка эришган бўлиб, 70-йилларга қадар ҳукумат фаолияти давлатнинг исталгандек ривожланишига таъсир кўрсатмади. Шу муносабат билан давлат бошқаруви тизимидаги муаммолар ўрганилиб, таҳлил қилинди, ва шунинг асосида уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрланди.
Ўша даврда ислоҳотлар давлат бошқарувининг самарадорлигини оширишга, давлат хизматларини мукаммаллаштиришга, жамоат иштирокини кучайтиришга, маҳаллий ҳукумат органларининг мустақиллигини оширишга қаратилганди. Шу билан бир қаторда 1966 йили давлат ривожланишининг 5 йиллик режаси қабул қилиниб, у импорт маҳсулотларининг ўрнини босувчи сиёсатни юритувчи ягона иқтисодий дастурга айланди. 80-йилларда давлатнинг иқтисодиётдаги улуши камайтирилиб, иқтисодиётни давлат томонидан тўғридан-тўғри бошқарилишига барҳам бериш асосий вазифалардан бирига айланди. Давлат корхоналари хусусийлаштирилди, саноат товарларини экспорт қилиш эса стратегия даражасига кўтарилди», — дейди Камолиддин Ҳамидов.
Маърузачининг айтишича, макроиқтисодий бошқарувнинг асосий воситаси фискал сиёсат бўлди. Бунда солиқ тизими анчайин содда бўлиб, унда бошқа давлатларда кенг қўлланиладиган кўплаб солиқлар бўлмаган.
«Бюджет-солиқ сиёсатининг тўғри йўлга қўйилгани ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширилишига хизмат қилди, дунё бозорида рақобат кучайган бир пайтда ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ўсишига олиб келди.
1990 йиллардаёқ Малайзия ҳукумати келажак иқтисодиётининг катализатори сифатида АКТнинг муҳимлигини англаб етганди. Шу боис ҳам мазкур йўналиш сўнгги 20 йил давомида ҳукумат аҳамиятига молик соҳага айланди. Малайзия бугунда рақамли иқтисодиёт ва рақамли ҳукумат дастурларини амалга оширмоқда. Улар АКТ ва IT-саноатни, электрон давлат хизматларини ривожлантириш, шунингдек, бизнес жараёнларига инновацияларни татбиқ этиш орқали рақамли иқтисодиётга хусусий бизнесни жалб қилишдан иборат», — дейди у.
Мавзуга оид
12:27 / 24.11.2022
“Зиёли қатлам устидаги тажрибаларда эҳтиёткорлик лозим”. Мутахассислар – докторантура қабулидаги беқарорлик ҳақида
10:54 / 17.11.2022
Докторантурадаги алғов-далғов: имтиҳон натижалари бекор қилиниши ортида моддий манфаат ётибди(ми?)
17:10 / 01.05.2022
Иброҳим Абдураҳмонов олий таълим муссасаларидаги янги проректорлик лавозими қандай натижа келтираётгани ҳақида гапирди
13:55 / 25.07.2021