Ўзбекистон | 08:46 / 20.02.2019
3708
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Исроил сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2019 йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон-Исроил сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Исроил Давлати Ташқи ишлар вазирлиги бош директори ўринбосари ва Евросиё департаменти раҳбари Александр Бен-Сви бошчилигидаги делегациялар иштирок этди.

ТИВ хабарига кўра, икки томон кун тартиби ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик барча масалалари юзасидан фикр алмашган.

Учрашувда таъкидланганидек, икки томон ҳам сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, туризм, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Исроил мунтазам мулоқоти, трансмиллий таҳдидларга қарши курашишга муҳим аҳамият қаратади, парламентлараро алоқалар, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри ўзаро манфаатли алоқаларни фаоллаштиришга қизиқиш билдиради.

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, инвестицион, технологик ҳамкорлик ҳажмларини оширишдан томонларнинг манфаатдорлиги тасдиқланди.

Ўзбекистон томони мамлакатда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан хорижий инвестиция ва илғор технологияларни жалб қилиш учун яратилган шароитлар тўғрисида ҳамкорларга муфассал маълумот берди.

Суҳбатда 2019 йилга мўлжалланган қўшма тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби, хусусан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи мажлиси юзасидан таклифлар муҳокама қилинган.

Музокараларда Ўзбекистон – Исроил муносабатлари шартнома-ҳуқуқий асосини кенгайтиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари батафсил кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон ва Исроил сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид