Ўзбекистонда илк маротаба  Tashkent Law Spring  халқаро юридик форум ўтказилиши кутилмоқда.

Форум доирасида давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, Ўзбекистоннинг ва дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция ва халқаро алоқалар соҳасидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар ҳуқуқдаги энг сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, замонавий юридик фан ва амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш учун йиғилиши кутилмоқда.

Форум ташкилий қўмита аъзоси,  Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Аъзам Мадаминовнинг Kun.uz'га айтишича, форум бутун дунёдан бир жойга йиғилаётган ҳуқуқшуносларни муҳокамага асосланган танишув, фикр алмашинуви ва ҳамкорлиги учун платформа яратади. Шунингдек, Ўзбекистондаги ислоҳотларга теран назар ташлаб, жаҳон ҳамжамиятини бундан бохабар этиш ҳам мақсад қилиб қўйилган. 

«Тошкент келажакда ҳуқуқий масалалар муҳокама этиладиган ҳаб-марказга айланиши лозим», — дейди у интервью чоғида.

Маълум қилинишича, форум жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари, шунда асосий табдирлар илк икки кунда ўтказилиши белгиланган. «Ҳуқуқ жадал модернизация даврида»  номи остида ташкил этилаётган юридик форумда қуйидаги йўналишлар бўйича бир қатор мавзуларда алоҳида сессиялар ташкил қилинади, уларда халқаро даражадаги мутахассислар чиқишлари тингланади ва муҳокамалар бўлиб ўтади:

1. «Сифатли давлат бошқаруви» йўналиши.

2. «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш» йўналиши.

3. «Фаол инвестицион сиёсат» йўналиши.

Бундан ташқари, Форум дастуридан Ўзбекистоннинг инвестицион муҳитига бағишланган тақдимот ҳам ўрин олган.

«Форумда «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси», «Йилнинг энг яхши корпоратив юридик хизмати» номинациялари бўйича тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтади», — дея маълумот беради Мадаминов. 

 Tashkent Law Spring тадбирида иштирок этиш пулли. Аъзам Мадаминов бу ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:

 «Ҳар қандай жиддий тадбирнинг қадри бўлади. Тадбирда мажлисбозлик бўлмайди, у номига ўтказилмаяпти. Форумда юридик соҳа вакиллари иштирокида жонли муҳокамалар пайдо бўлиши кутилмоқда. Тадбир маърузачиларининг аксарияти олис хорижий юртлардан ташриф буюради. Буларнинг барчаси —харажат.