Америкада гўштсиз фастфуд яратиш йўлидаги изланишлар самараси амалга татбиқ этилди – 1 апрелдан бошлаб «Burger King»нинг АҚШдаги 59та тамаддихонасида таркибида гўшт мутлақо мавжуд бўлмаган котлетли бургерлар менюга киритилди. 2 апрелда эса «Nestle» тўлалигича ўсимлик маҳсулотлардан таркиб топган бургерларни Европа ва АҚШ бозорларига чиқаришини эълон қилди.

Гўштсиз бургернинг илк харидорларидан баъзилари дастлаб буни 1 апрель ҳазили, деб ўйладилар. Чунки гўштсиз ва гўштли бургерларни бир-биридан ажратиш жуда мушкул. Уларнинг кўриниши ва мазаси бир хил, ягона фарқи – биринчисининг ичига мол гўштидан тайёрланган котлет солинган, иккинчиси эса юз фоиз ўсимлик таркибга эга.

Гўштсиз бургернинг афзаллиги нимада?

«Burger King»нинг «Impossible Whopper» номли янги турдаги фастфуди учун гўштсиз котлетларни «Impossible Foods» компанияси етказиб беради. Ушбу компания гўшт ва сут маҳсулотларининг ўрнини босувчи озиқ-овқат ишланмаларини яратишга ихтисослашган. 2011 йилдан фаолият бошлаган ташкилот гўшт ва сутнинг ҳам мазаси, ҳам озуқавий хусусиятларини ўзида сақловчи муқобил маҳсулотлар тайёрлаб, дўкон ва ресторанларга етказиб беради.

«Impossible Foods» ўз фаолияти орқали чорвачилик саноатининг атроф-муҳитга етказадиган зарари кўламини камайтириш, аниқроғи глобал исишнинг олдини олишни мақсад қилган. Қандай қилиб дейсизми?

Фото: Brian Cooley/CNET

Тадқиқотларга кўра, битта сигир йилига ўртача 70-120 кг метан гази ҳосил қилади. Метан эса, худди карбонат ангидрид (CO2) каби, иссиқхона эффектини келтириб чиқарувчи газ ҳисобланади. Лекин уларни солиштирганда, метаннинг иқлимга салбий таъсири карбонат ангидриддан 23 мартага кўпроқдир. Бундан келиб чиқадики, бир бош сигир бир йилда атмосферага чиқарган 100 кг метан гази 2300 кг карбонат ангидридга эквивалент бўлади.