Соч инсоннинг кўрки. Ҳам гўзаллик ва соғломлик рамзи ҳисобланган тана аъзосини қандай парваришлаш, сержило қилиш барча учун қизиқ мавзу, чунки ҳаммамиз соч тўкилишидан қўрқамиз.
Хасталик ўз ортидан турли психологик зўриқишларни ҳам олиб келади. Сабаби, соч тўкилишини қарилик аломати, дея қабул қилиниши ҳам табиий. Жараён эркакларда 18 ёшдан кейин бошланади. Ёш улғайган сари соч ўсиши ҳам секинлашиб бораверади. 2019 йилги статистикага кўра, 40 фоиз эркак 35 ёшгача сезиларли равишда соч тўкилишини бошдан кечиради.
Америка дерматологлари академиясининг маълумотларига кўра, соч соғлом инсонда ҳам тўкилади. Бир кунда тахминан 50-100 тола соч тўкилиши нормал ҳолатдир. Бундан ортиғи касаллик ҳисобланади.
Соч физиологияси ва морфологиясини дерматокосметологиянинг алоҳида соҳаси бўлмиш трихология ўрганади. Малакали трихолог Илҳом Раҳимов Kun.uz билан суҳбатда соч тўкилиши бўйича маълумот ва тавсияларини тақдим этди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) берган охирги маълумотларга кўра, дунё миқёсида 65 фоизи эркаклар ва 35 фоиз аёллар ушбу касалликнинг у ёки бу шакли билан касалланган.
Соч тўкилишининг бир қанча турлари бор. Биринчиси физиологик соч тўкилиши. Бу жараён 55-65 ёшда кузатилувчи нормал ҳолат ҳисобланади. Эркакларда каллик кузатилса, аёлларда эса соч тўкилиши диффуз характерда бўлади ва каллик содир бўлмайди. Иккинчиси эрта соч тўкилиши бўлиб 18-22 ёшдан бошланади (бу энг кўп учрайдиган хили). Учинчиси себореяли соч тўкилиши. Охиргиси алопеция бўлиб,бунда сочларнинг патологик тўкилиши кузатилади. Натижада, соч ва тана терисидаги туклар қисман ва тўлиқ тўкилади.
Соч тўкилишига қуйидагилар сабаб бўлади:
- стресс;
- наслий мойиллик;
- модда алмашинувининг бузилиши;
- сурункали ички аъзолар касалликлари;
- эндокрин касалликлар;
- танқислик ҳолатлар (цинк, темир ва бошқа микроэлементлар);
-дори-дармонларнинг салбий таъсири;
- инфекцион касалликлар;
- норационал овқатланиш.
Раҳимовнинг айтишича, сочларни калга олдириш кейинчалик сочларни бақувват бўлишига ёрдам бермайди. Соч мустаҳкамлиги унинг пастки, яъни илдиз ёки пиёзчасида кузатиладиган ўзгаришларга боғлиқдир.














