Россия бизнеси Ўзбекистон бозорида ўз иштирокини кенгайтиришда давом этмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ҳам ўсиб бораётган бир пайтда Тошкентда Россия ишлаб чиқарувчилари ва ўзбекистонлик тадбиркорларни бир майдонда жамлайдиган B2B учрашуви йўлга қўйилмоқда.
29 сентябрь куни бўлиб ўтадиган тадбир «Россияда ишлаб чиқарилган» миллий бренди остида ташкил этилади. Унда Россиянинг 20 та компанияси ўз маҳсулотларини тақдим қилиб, Ўзбекистондаги потенциал ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боради.
Тадбирнинг асосий мақсади фақат маҳсулотларни намойиш этиш эмас. У Россия ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида аниқ бизнес алоқаларини ўрнатиш, янги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш ва потенциал битимлар учун замин яратишга қаратилган.
Бизнес музокаралари палов билан давом этади
Ишбилармонлик дастури норасмий форматда давом этади. Тадбир доирасида «ошпазлар жанги» ташкил этилиб, унда ўзбекистонлик бош ошпазлар Россия ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда паловнинг турли хилларини тайёрлайди.
Палов учун гуруч Россиядаги йирик гуруч ишлаб чиқарувчиларидан бири Angstrem Treyding МЧЖнинг Natsional бренди томонидан тақдим этилади. Гўшт маҳсулотларини эса Россиядаги йирик ишлаб чиқарувчилардан бири Miratorg етказиб беради.
Бу формат бизнес музокараларини Ўзбекистонга хос меҳмондўстлик муҳити билан уйғунлаштиришни кўзда тутади. Яъни тадбир иштирокчилари нафақат музокара столида, балки миллий таом атрофида ҳам мулоқот қилиш имконига эга бўлади.
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ўсмоқда
Тошкентдаги учрашув икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқалари кенгайиб бораётган бир шароитда ўтказилмоқда.
2025 йил якунига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,4 фоизга ўсган. Жумладан, экспорт 11,6 фоизга, Ўзбекистондан Россияга импорт эса 14 фоизга кўпайган.
Йил якуни бўйича Россия билан савдо ҳажми қарийб 13 млрд долларга етган. Таькидлаш жоизки, Россия Хитой билан бир қаторда Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу икки мамлакат ҳиссаси Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида 37 фоиздан ортиқни ташкил этади.
Мазкур кўрсаткичлар ортида эса алоҳида компаниялар, етказиб берувчилар ва харидорлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик туради. B2B учрашуви ана шу макроиқтисодий кўрсаткичларни аниқ бизнес алоқаларига айлантиришга қаратилган.












