Хитой раиси Си Жинпингнинг 23–25 сентябр кунлари АҚШга қилган давлат ташрифи икки етакчининг бир йил ичидаги учинчи юзма-юз учрашуви бўлди. Си Вашингтонга 2015 йилдан бери илк бор келди. Саммит рамзий ишораларга бой, аммо мазмунан саёз бўлди: йирик ютуқ қайд этилмади, бироқ икки томон сунъий интеллектни ҳамкорлик йўналиши сифатида тилга олди.

Маросимлар

Оқ уй ташрифнинг биринчи куниданоқ саммитни катта томошага айлантиришга ҳаракат қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп 23 сентябр куни меҳмонни одатдагидек Оқ уйда кутмай, ўзи Эндрюс ҳарбий базасига бориб, Сини самолёт зинапояси олдида кутиб олди.

2026-09-25 22.08.12
Фото: Оқ уй матбуот хизмати

Эртаси куни Оқ уйдаги Атиргуллар боғида фахрий қоровул саф тортди: осмондан B-2 бомбардимончиси ва F-22 қирувчилари учиб ўтди. Трамп Си билан «ҳеч қачон бунчалик яхши тил топишмагани»ни айтди, Си эса Никсоннинг 1972 йилги ташрифини эслаб, «қон ва оловда тобланган дўстлик» ҳақида гапирди. 25-сентябр куни етакчилар Миллий архивга бориши режалаштирилган.

Сунъий интеллект: умумий мавзу, турлича ёндашув

Саммитда энг кўп тилга олинган мавзу сунъий интеллект бўлди, бироқ томонларнинг унга қараши сезиларли даражада фарқ қилди. Учрашувдан олдин, 20 сентябр куни Нью-Йоркда Хитой Бош вазири ўринбосари Хе Лифен ва АҚШ Молия вазири Скотт Бессент бошчилигидаги делегациялар сунъий интеллект бўйича илк мулоқотни ўтказганди. Бессент миллий хавфсизлик даражасидаги AI ҳодисалари ҳақида бир-бирини хабардор қилиш механизмини таклиф қилганини айтди, аммо Пекин бунга рози бўлганини расман тасдиқламади.

Си Жинпинг Оқ уйдаги нутқида икки давлат «AI'ни эзгулик йўлида ривожлантириш ва бошқариш имконияти ҳамда масъулиятига эга» эканини, технология «доим инсон назоратида» қолиши кераклигини таъкидлади.

2026-09-25 22.08.09
Фото: Оқ уй матбуот хизмати

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Си ёпиқ музокарада AI хатарлари бўйича мулоқот ўрнатишни ва ундан нотўғри фойдаланишнинг олдини олишни таклиф қилган. Хитой баёнотида айтилишича, Трамп ҳам AI «инсоният келажагига дахлдор» эканини ва бу борада мулоқотни давом эттириш кераклигини айтган.