Энг муҳими – давомат
Кремл учун бу йилги энг муҳим жиҳат давомат эди. Чунки Украина сайлов куни ҳужум қилиши кутилаётган, уруш давридаги норозилик кучайгани эҳтимоли борлиги учун сайловга кўпчилик келмаслиги варианти мавжуд эди. Лекин бу йил давомат ҳавас қиларли даражада – 57 фоизга яқин бўлди. Расмий ҳужжатларга кўра, сайловларда 63 миллионга яқин россиялик қатнашган. Бу чиндан юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Сайловдан олдин оптимист экспертлар ҳам давомад 50 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилганди. Шу сабаб Россия давлат нашрлари 57 фоизлик давоматга урғу бермоқда. Сайлов натижалари қандай фоизда бўлса ҳам, «Единая Россия» фойдасига ҳал бўлишини тахмин қилиш қийин эмасди.
Шахмат афсонаси мухолифатчи Гарри Каспаров бу йил Россия мухолифати «сайловда давомат юқори бўлиши учун қўлидан келганини қилгани» ҳақида аччиқ гапирди. Мухолифат айнан кимларга овоз бериш, қайси вақтда овоз бериш, албатта овоз бериш бўйича тавсиялар эълон қилиб, давомат юқори бўлишига ҳисса қўшгани бор гап. Мухолифатчилар 20 сентябр куннинг иккинчи ярмида овоз беришга чақирди ва айнан шу вақтда катта шаҳарлардаги участкалар олдида навбатлар юзага келди.
Бу ерда Каспаровни ҳам, мухолифатчиларни ҳам тушуниш мумкин. Каспаров сайловга бойкот қилишга чақириб, Кремлни уялтиришни истаганди. Кац ва Навалничилар эса қўл қовуштириб ўтиришдан фойда йўқ, биз ҳеч нима қилмасак ҳам барибир давоматни истаганларича ёзишади, деб қайсидир йўл билан қаршилик қилишга интилди.
Исён бўлмади
Россиялик уруш тарафдорлари учун ўтказилган сайловлар аҳамияти паст эди, чунки қандай натижа қайд этилиши деярли аниқ, ҳеч қандай интрига йўқ эди. Лекин урушга қарши бўлган россияликлар сайловда ўз позициясини қандай билдириш бўйича узоқ бош қотирди, улар учун бу бир имкон эди. Ҳозир Россияда урушни очиқчасига қоралаб бўлмайди, паст овозда бўлса ҳам урушга қарши чиққан битта партия сайловга қўйилмади.
Шу боис сайловда қатнашган урушга қарши либерал қарашдаги россияликлар жуда эҳтиёткор ҳаракат қилишди. Сайловнинг охирги куни узундан-узоқ навбат ҳосил қилганлар айнан урушга қарши, лекин буни баралла айтишдан қўрққан россияликлар эди. Улар сайловдан ўз позициясини қонунни бузмаган ҳолда айтиш имкони сифатида фойдаланишди. Мухолифат тавсия қилган вақтда бориб, улар тавсия қилган одамларга овоз беришди, кейинчалик натижалар буткул бошқача кўриниш олган бўлса-да.
Лекин Кремл хавотир олганидек исён ҳам бўлмади. Россияликлар сайловда урушга қарши эканини ошкор билдирмади, намойишлар бўлмади, сайловга бойкот қилишмади. Ҳаммаси ҳамон Кремл назоратида экани кўриниб қолди. Ўз навбатида, сайловда Кремлни янада илҳомлантирувчи ҳеч нима содир бўлмади. Хориждаги ёки назоратчилар ўз ишини бажара олган участкаларда «Единая Россия» номзодлари ғолиб бўлолмаганини кўрдик.















