Бугунги кунда маҳсулотларни кредит ёки бўлиб тўлашга олиш ўзбекистонликлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланган десак муболаға бўлмайди. Одамлар энг кичик маиший техникалардан тортиб, автомобил ёки уй-жой харид қилишгача бўлган турли мақсадлар учун банклардан ёки бошқа молиявий ташкилотлардан қарз олишяпти. Жамиятда кредитга яшаш маълум маънода «янги норма»га айланиб қолди.

Қарз олиш жараёни ҳам ҳар қачонгидан-да осонлашган. Смартфон экранидаги банк иловасида атиги иккита тугмани босиш, юзни сканер қилиш ва СМС-кодни тасдиқлаш кифоя — бир неча дақиқа ичида керакли сумма картангизга келиб тушади. Бу қулайлик инсон психологиясини тезда ўзига ром этади ва молиявий эҳтиёжларнинг энг тезкор ечимидек бўлиб кўринади. Аслида-чи, реал вазият қандай?  

Ўзбекистонликларнинг қанча кредити бор?

2026 йилнинг 1 август ҳолатига банклар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган жами кредитлар қолдиғи 239 трлн 801 млрд сўм ёки қарийб 20 млрд долларни ташкил этади. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 18,8 фоизга кўп.

Статистик рақамлар охирги йилларда қарз қолдиғи шиддатли тарзда ўсиб бораётганини кўрсатяпти. Масалан, 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига жисмоний шахсларнинг кредит қолдиғи 39 трлн 934 млрд сўм бўлган. Бу миқдор айни пайтга келиб 6 баробарга кўпайган. 

1

Охирги 6 йиллик даврни таҳлил қиладиган бўлса, аҳоли кредитларининг кескин ошган даври 2023 йилга тўғри келади. Бу даврда қарз қолдиғи 48 трлн сўмга ёки 47 фоизга кўтарилган.

1 август ҳолатига кўра, жисмоний шахслар асосан қуйидаги мақсадларда кредит олган:

2

Рақамларга қарайдиган бўлсак, аҳоли умумий қарз портфелининг 40 фоиздан ортиқ қисмини микрокредитлар ва микроқарзлар ташкил этади. Бу туркум қарзлар фоизи юқори ва кўпинча маълум бир реал активга айланмайдиган кредитлардан иборат бўлади. Автокредитларнинг улуши ҳам анча юқори — 17 фоиз. Классик молия қоидаларига кўра, машина қийматини йўқотувчи активдир. 40 трлн сўмдан кўпроқ пулнинг автокредитларга йўналтирилгани харид қобилияти узоқ муддатли қарз ҳисобига ушлаб турилгани, бироқ одамларнинг фундаментал бойлиги ошмаётганини билдиради.