Кузда Ўрта ер денгизида жазирама пасаяди, Жануби-Шарқий Осиёда ёмғирлар тўхтайди, меҳмонхоналарда эса нархлар арзонлашади. Йўловчи тревел-медиаси ушбу кузда бориш мумкин бўлган мамлакатлар тўпламини тайёрлади: хоҳ қўшниларникига қисқа сафар бўлсин, хоҳ денгизга ёки Ўзбекистон бўйлаб табиат қўйнига. Нархлар Aviasales.uz қидирувининг 2026 йил сентябр ойи маълумотларига кўра бир томонга кўрсатилган.
Қўшнилар: дам олиш кунлари учун қисқа сафар
Қозоғистон
Ўзбекистонликлар учун виза талаб қилинмайди, мамлакатда 90 кунгача бўлиш мумкин. Кундузи Олмаотада 15–20 °C, Остонада эса салқинроқ — 10–15 °C.
Икки-уч кунга бориб келиш учун бу энг яқин вариант. Кузда Олмаота хазонларга бурканади: дор йўлида Шимбулоққа кўтарилиш, Колсай кўлларигача ёки Чорин канёнигача бориш мумкин. Остонадан эса Бурабайга — қарағайзорлар, қоялар ва кўллар томон йўл олишади. Авиачипталар нархи 1,6 млн сўмдан бошланади. Яна унутманг: энди сафардан камида 72 соат олдин мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома расмийлаштириш керак.
Қирғизистон
Виза керак эмас — мамлакатда визасиз 60 кунгача қолиш мумкин. Кундузи Бишкекда 15 °C атрофида бўлади.
Бу йўналиш тоғлар, трекинг ва сокинликни хоҳловчилар учун. Бишкекда ажойиб қаҳва маданияти мавжуд, аммо шаҳарда узоқ қолиб кетишга арзимайди. Яхшиси, Ала-Арча дарасига борган маъқул — у пойтахтдан бор-йўғи 40 км узоқликда жойлашган бўлиб, у ерга таксида етиб олиш осон. Яна бир вариант — узоқ сайрлардан сўнг исиниб олиш ёқимли бўлган Иссиқ-Ота иссиқ булоқлари. Кузда сайёҳлар камаяди, турар жойлар арзонлашади, ёзги иссиқ эса отда сайр қилишга ва ўтовларда тунашга ортиқ халақит бермайди. Бишкекка авиачипталар 900 минг сўмдан бошланади.
Грузия
Виза расмийлаштириш шарт эмас, мамлакатда усиз 365 кунгача бўлиш мумкин. Аммо сафарнинг бутун даври учун
расмийлаштириш керак. Кундузи Тбилисида ҳарорат 20–25 °C атрофида бўлади.
Бу ерда куз узум терими ва ртвели байрамига тўғри келади. Октябр ойида Тбилисида ҳосил байрами — Тбилисоба ўтказилади, Кавказ ўрмонлари сарғаяди, парвоз нархлари эса ёзгига нисбатан пасаяди. Aviasales.uz сайтида Тбилисига чипталар 2,2 млн сўмдан бошланади.
Арманистон
Ўзбекистонликлар учун 180 кунгача виза талаб қилинмайди. Кундузи Ереванда — 18–20 °C.
Октябр — Дилижан ўрмонлари яшилдан сариқ, тўқ қизил ва алвон тусга киради, бозорларда анор ва хурмо пайдо бўлади, кечқурунлари эса терассаларда кондиционерсиз ҳам бемалол ўтириш мумкин. Ереванга чипталар 2,5 миллион сўмдан бошланади.,
Озарбайжон
90 кунгача виза талаб қилинмайди. Кундузи Бокуда — 18–20 °C.
Ноябр ойида Гўйчайда анор фестивали бўлиб ўтади: тўғридан-тўғри кўчаларда ноёб навлар, янги сиқилган шарбат ва наршарабни татиб кўриш мумкин. У ердан Бокуга бориш анча қулай — Каспий қирғоғи бўйлаб сайр қилиш, кабоб тановул қилиш ҳамда Ичери-шеҳернинг қадимий деворлари ёнидаги шиша минораларни томоша қилиш мумкин. Парвоз нархи 2,4 миллион сўмдан бошланади.
Денгизга қаерга бориш мумкин?
Туркия
Виза керак эмас — мамлакатда усиз 90 кунгача бўлиш мумкин. Кундузи 28 °C, сув ҳарорати 25 °C атрофида.
Октябрда бу ерда анорлар пишади, бозорларда мевалар мавсуми бошланади, Сиде харобалари бўйлаб эса жазирамада қолиб кетиш хавфисиз сайр қилиш мумкин. Бу вақтда Истанбул харид қилиш учун жуда мос келади. Авиачипталар 2,4 млн сўмдан бошланади.
БАА
Ўзбекистонликлар учун виза талаб қилинмайди — мамлакатда 30 кунгача бўлиш мумкин. Кундузи Дубайда 32 °C, денгиз суви ҳарорати 28 °C атрофида.
Кузда Дубайда ёзги танаффусдан сўнг Global Village ярмаркаси ва сафари-парки очилади, кечқурунлари эса савдо марказларига яширинмасдан қирғоқ бўйлаб сайр қилиш мароқли. Бу катта оилалар учун қулай вариант: кўнгилочар машғулотлар болаларга ҳам, катталарга ҳам топилади. Парвозлар ҳар куни амалга оширилади, чипталар нархи эса 1,6 млн сўмдан бошланади.
Миср
Шарм-аш-Шайхда ўзбекистонликлар 15 кунга бепул “Синай штампи”ни олишлари мумкин — у Таба, Нувайба ва Даҳабда ҳам амал қилади. Қоҳира, Луқсор ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига бориш учун виза олдиндан Тошкентдаги элчихонада расмийлаштирилади. Кундузи 30 °C, сув 27 °C.
Кузда Қизил денгизда иссиқ ҳаво пасаяди ва Гиза эҳромларига ёки Луксорга бориш мумкин бўлади — ёзда у ерда жисмонан жуда оғир. Шунингдек, бу пайтда маҳаллий манго мавсуми бошланади. Тошкентдан Шарм аш-Шайх ва Хургадага тўғридан-тўғри мунтазам ҳамда чартер рейслар мавжуд. Авиачипталар 3,6 млн сўмдан бошланади.
Vyetnam
Электрон виза керак, бироқ тўғридан-тўғри ёки чартер рейс билан учсангиз, Фукуокка керак эмас. Кундузи тахминан 30 °C, сув ҳарорати 28 °C.
Vyetnam — бу фақат нонушта учун қайноқ фо-бо шўрваси эмас, балки қарсилдоқ бан-ми багетлари, қуюлтирилган сутли аччиқ дрип-қаҳва ва узун қумли пляжлар демакдир. Денгиз учун одатда Нячангга ёки Фукуок оролига йўл олишади. Нячангда байк ижарага олиб, ёввойи пляжларни кашф қилиш қулай, Фукуокда эса — денгиз юлдузларини қидириш ва тўғридан-тўғри денгиз устидан ўтган энг узун осма йўлда учиш мумкин. Агар кўпроқ маданият истасангиз, оқшомлари мингтадан зиёд қоғоз чироқлар билан ёришиб турадиган кўчаларда сайр қилиш учун Дананг орқали Хоянга бориш маршрутини режалаштиринг. Чипта нархлари 4,2 млн сўмдан бошланади.
Малдив ороллари
Ўзбекистонликларга етиб борганда 30 кунга виза қўйилади. Кундузи ҳаво ҳарорати — 30 °C, океанники — 29 °C.
Кузда айрим атолларда биолуминесцент планктоннинг порлашини кўриш мумкин: тунда қирғоқ худди унга юлдузлар тушиб қолгандек кўринади. Саёҳат бюджети тўғридан-тўғри режаларингизга боғлиқ: арзон меҳмон уйлари (гестҳауслар) жойлашган маҳаллий оролдаги ҳордиқ сув устидаги виллаларга эга хусусий резортдан бир неча баравар арзонроққа тушади. Парвоз камида 4,2 миллион сўм туради.
Шри-Ланка
Учишдан олдин ўзбекистонликлар 30 кунга электрон рухсатнома (ЭТА) олишлари керак. Кундузи соҳил бўйида ҳарорат 29 °C, сув эса — 28 °C.
Бу шунчаки шезлонгда ётишдан зерикадиганлар учун орол. Бу ерда Велигамада сёрфингда тўлқинни забт этиш, Элладаги чой плантациялари орқали машҳур кўк поездда сайр қилиш ва миллий боғда ёввойи филларни томоша қилиш мумкин. Манзиллар орасидаги масофа унчалик катта эмас, шунинг учун ҳатто бир ҳафталик таътилда ҳам кўплаб қизиқарли жойларни кўришга улгурса бўлади. Коломбогача парвоз нархи 4 млн сўмдан бошланади.
Таиланд
Туристик визани олдиндан олиш керак. Янги қоидаларни инобатга олинг: рақамли келиш картасини (ТДАC) парвоздан камида уч кун олдин тўлдириш лозим. Кундузи бу ерда ҳарорат 30 °C атрофида, сув эса — 29 °C.
Таиланда ноябр — дарёларга шамлар қўйилган юзлаб саватчалар оқизиладиган Лой Кратонг байрами вақти. Чиангмайда эса айнан шу кунларда минглаб осмон чироқлари учириладиган Йи Пенг фестивали бўлиб ўтади. Кўча таомлари, тай массажи ва будда ибодатхоналари ҳам ўз ўрнида. Чипталар 3 миллион сўмдан бошланади.
Ўзбекистон бўйлаб қаерга бориш мумкин?
Чилла тугади, энди эса табиат қўйнида бемалол сайр қилиш мумкин.
Зомин. Игнабаргли ўрмонлар, арчазор ҳавоси, илонизи йўллар. Дор йўли, Чортанга дараси узра осилган шиша кўприк, Суффа платоси, «Бобоёнғоқ» қадимий арчаси. Таомлардан бу ерда тандир гўшт ва қозон патирни татиб кўришга арзийди. Дам олиш кунлари меҳмонхонадан жой банд қилиш ёки санаторийга даволанишга бориш мумкин.
Чорвоқ. Кузга бориб сув тўқ кўк рангга киради, пляжлар бўшаб қолади. Бироқ кузда ҳам бу ерда машғулотлар етарлича: инструктор билан парапланда учиш, сув омбори манзараси қаршисида пикник уюштириш ёки шунчаки курортларда ҳордиқ чиқариш мумкин. Овқатланиш учун нафақат Чорвоқ ҳудудида, балки кираверишдаги «Бочка»га ҳам бориш мумкин. Бу ерда мастава, кабоб, тандирда пиширилган балиқни татиб кўринг.
Айдаркўл. Қизилқум қўйнидаги кўл. Бу вақтда чўмилиб бўлмайди, аммо зоғора, оқсохта, лаққа ва қиличбалиқ овлаш билан шуғулланиш; туяларда сайр қилиш; ўтовлар лагерида тунаб қолиш мумкин. Саёҳатни минглаб қоятош суратлари сақланиб қолган Сармишсой дараси билан биргаликда режалаштириш қулай.
Сентоб. Навоий вилоятида, Нурота тоғлари этагидаги тоғ қишлоғи. Бу ерда уйлар тош ва лойдан қурилган, шунинг учун ҳам ўзингизни худди эски ўзбек филмларига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Оилавий меҳмон уйларида тунаб қолиш, тоғ асали харид қилиш ва Фозилмон кўлига томон пиёда сайр (трекинг) уюштириш мумкин.
Урунгач. Угом-Чотқол миллий боғидаги нефрит кўллар, Тошкентдан тахминан 160 км масофада жойлашган. Юқори кўлга етиб бориш учун тоғ бўйлаб икки-уч километр пиёда юриш керак, ундаги сув 8 °C дан юқори илимайди, шу сабабли чўмилиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади — бу ерга ажойиб манзара ва пикник учун келишади. Қуйи кўл эса кеч кузга бориб саёзлашади.
Материал Aviasales.uz лойиҳаси бўлган Йўловчи травел-медиаси таҳририяти томонидан тайёрланган.