2019 йил 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида илк бор Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳисоботни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этди.
Ҳисоботда келтириб ўтилганидек, Президент ташаббуси билан яратилган Маъмурий ислоҳотлар концепциясини изчил амалга ошириш барорида Вазирлар Маҳкамасининг ташкилий жиҳатдан қайта кўриб чиқилиб, фаолияти янги мазмун билан бойитилгани, йирик хўжалик бошқарув субъектларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилгани Ҳукумат томонидан Давлат дастурининг биринчи чорак учун белгиланган устувор вазифаларини ўз вақтида, сифатли ижро этилишини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат дастурининг бажарилишида бир қатор жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлат раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги фармони билан белгиланган устувор йўналишларни сифатли, самарали амалга ошириш, ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий-ижтимоий соҳанинг бардавом ривожланишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, республика ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини юксалтириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўришга устувор аҳамият берилди.
Шу давр ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларида давлат бюджетининг даромадларини шакллантириш ва харажатлари ҳамда бюджет тақчиллиги мўътадиллигини таъминлаш катта аҳамият касб этди. Мамлакатда амалга оширилган изчил ташқи савдо сиёсати туфайли экспорт ҳажми ҳамда жами ташқи савдо айланмасининг ортишига эришилди.
Республикада яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида инвестицияларнинг ўзлаштирилиши жадаллаштирилди. Бунда давлат раҳбари томонидан тасдиқланган Инвестиция дастурининг алоҳида аҳамияти бор. Хорижий инвестициялар иштирокида молиялаштиришнинг сезиларли ўсиши таъминланиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробарни ташкил этди.
Амалга оширилаётган бунёдкорликлар орасида аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш, уй-жой, ичимлик сув билан таъминлаш ишлари алоҳида аҳамият касб этиб, сезиларли ўсиш кузатилмоқда.

















