Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ҳамда 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳисоботи муҳокама этилди.

2018 йил якунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 407,5 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда 2017 йилга нисбатан 5,1 % га ўсганлиги депутатлар томонидан эътироф этилган. Тақдим этилган ҳужжатлар таҳлилига кўра, 2018 йилда аҳолининг умумий даромадлари 286,3 трлн. сўмни ташкил этган, бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 110,3 % фоизга ошган. Шунингдек, ўтган 2018 йилда 107,3 трлн. сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилган бўлиб, уларнинг 32,1 фоизи ёки 34,4 трлн. сўм марказлашган инвестициялар ҳисобига тўғри келди.

Бундан ташқари, Давлат бюджетининг даромадлари ижроси таҳлил қилинди. 2019 йилнинг 1-чорагида аҳоли умумий даромадлари 64,9 трлн. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 123,1% ўсишига эришилди. Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 108,6%ни ташкил этди. Қайд этилдики, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 54,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.