Жаҳон банки ҳар йили мамлакатларни аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад (GNI) асосида қайта таснифлайди. Бу кўрсаткич мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашда қўлланади ва ҳар йили даромад чегаралари янгиланиб боради.

Жорий таснифга кўра, мамлакатлар тўрт гуруҳга бўлинган:

паст даромадли — аҳоли жон бошига йиллик ялпи миллий даромад 1 175 АҚШ долларигача;

ўртадан паст даромадли — 1 176 доллардан 4 635 долларгача;

ўртадан юқори даромадли — 4 636 доллардан 14 375 долларгача;

юқори даромадли — 14 375 доллардан юқори.

Инфографикада дунё мамлакатлари иқтисодий ривожланишининг жуда нотекис экани яққол кўринади. Ғарбий ва Марказий Африкадаги кўплаб давлатлар паст даромадли мамлакатлар қаторига киритилган. Шунингдек, Яман, Сурия, Афғонистон ва Шимолий Корея ҳам ушбу гуруҳдан ўрин олган.

Юқори даромадли мамлакатлар қаторига эса Европа давлатларининг аксарияти, жумладан Россия, шунингдек, Австралия, Янги Зеландия, АҚШ, Канада, Яқин Шарқнинг айрим давлатлари ҳамда Марказий ва Жанубий Американинг Панама, Чили ва Уругвай каби мамлакатлари киритилган.

Дунёнинг йирик иқтисодиётларидан бўлган Хитой ва Бразилия ўртадан юқори даромадли давлатлар тоифасига киритилган бўлса, аҳоли сони бўйича дунёда биринчи ўринда турувчи Ҳиндистон ўртадан паст даромадли мамлакатлар гуруҳида қолган.

Янгиланган рейтингда бир қатор давлатлар ўз мақомини яхшилади. Хусусан, Иордания, Микронезия, Филиппин, Шри-Ланка ва Ветнам ўртадан паст даромадли мамлакатлар тоифасидан ўртадан юқори даромадли мамлакатлар қаторига ўтди.

Того эса паст даромадли мамлакатлар гуруҳидан чиқиб, ўртадан паст даромадли давлатлар қаторига қўшилди.