AKFA Lighting кенг тармоқли энергия тежамли лампалар ишлаб чиқарувчи компанияси ОАВда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Хабарларда йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш – ҳайдовчилар кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришини талаб қилувчи қоида жорий этилиши билан бир вақтда AKFA Lighting компанияси ҳам автомобиль чироқларини эҳтиёт қисмлар бозорига олиб киргани ҳақида айтилганди.
«2019 йилнинг 21 май куни турли сайтлар ҳамда телеграмдаги каналларда, шу жумладан, www.uza.uz, www.daryo.uz, www.upl.uz, www.hordiq.uz каби манбаларда Вазирлар Маҳкамасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори асосида (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил, 19 майдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 377-сон қарори) гўёки «AKFA Lighting» корхонаси янги маҳсулот – автомобиль фаралари учун чироқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани ҳақидаги ёлғон ахборот тарқатила бошланди.

Шуни расман маълум қиламизки, мазкур маълумот ёлғон ва провакацион хусусиятга эга. Корхонамиз автомобиль фаралари учун чироқларни тайёрламайди ва бугунги кунда уларни ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилмаган.
Маълумки, қатор онлайн нашрларда кенг ёйилган туҳмат шаклидаги хабарлар учун қонунчилигимизда энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 60 бараваригача миқдоридаги жарималар кўзда тутилган (Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги» Кодекси, 40-модда).
Қўшимча тарзда шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоизки, юқоридагича хабарни тарқатган нашрларнинг бирортаси маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш учун бизга мурожаат билан чиқмаган.


















