Мажбурий меҳнат... Замонавий дунёни қийнаб келаётган оғриқли мавзу. Мажбурий меҳнат занжирининг қулликдан кўп ҳам фарқи йўқ. Кишанлар ва қамчилар билан даҳшат солувчи қуллик эмас, балки чиройли кўринишга эга, жилмайиб турган, иккиюзламачиликка асосланган қуллик.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш борасида шиддатли сиёсат олиб борилди. Бу борада турли қонун ҳужжатлари имзоланди. Бу борада амалга оширилган энг сўнгги катта ишлардан бири бу – мамлакат президенти жорий йилнинг 25 июнь куни «Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунга имзо чекишидир.
Қолаверса, шу йили АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар «қора рўйхати»дан чиқарди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2018 йил Ўзбекистонда талаба, ўқитувчи, врач ва ҳамширалар пахтага мутлақо жалб этилмаганини қайд этган.
Юқоридаги маълумотлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнат батамом тугаганини англатадими? Афсуски, айрим ҳолатлар бу саволнинг жавобини очиқ қолдирмоқда.
Kun.uz таҳририятига йўлланган навбатдаги мурожаат Наманган вилоятидан келди. Унда айтилишича, мазкур вилоятнинг Косонсой туманида жойлашган 54та мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилган. Яъни, жорий йилнинг 29 июнь куни ўқитувчилар мазкур тумандаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида бетон қуйишган.


«Туман ХТБ мудири ва ҳокимият вакиллари бизни назорат қилишди. Президентнинг мажбурий меҳнат тўғрисидаги фармони бузилаверадими? Адолат қани бу ерда? Биламиз, бу мақола чиққач ХТБ мудири гап эшитади, чунки у ҳам ҳокимиятнинг буйруғини бажармоқда, ҳаммаси тепадан бўляпти», - дейилади мурожаатда.




















