Июль ойи футбол мусобақаларидан холи бўлса-да, аслида, футбол ҳақида энг кўп гаплашиладиган, энг кўп янгиликлар кузатиладиган палла дейиш мумкин. Бу ойда футболчилар таътилдан қайтиб, машғулотлар бошланади, демакки, мураббийлар асосий трансферларини шу ойда, яъни йиғинлар арафасида амалга ошириб олишга интилишади. Ҳозирда йирик трансферларни ҳам ёзнинг сўнгги кунларига қолдиришмаяпти.

Табиийки, бу паллаларда трансферлар ҳақида хабарлар кўпаяди, бир бирини инкор қилувчи янгиликлар оддий мухлиснинг бошини айлантириши ҳам турган гап. Трансферлар ҳақида Tribuna.uz илгари ҳам таҳлилий мақола нашр этганди, бу сафар ҳам яна шу мавзуда, фақат бошқачароқ ракурсдан қаралган мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Трансфер миш-мишлари тўқиб чиқариладими?

Қисман, ҳа. Баъзи хабарлар шунчаки, ўйлаб чиқарилади. Яна баъзилари ишончсиз манбалардан олинган. Айтайлик, «А» ресурс бу хабарни «Б ресурсга кўра» деб беряптими, демак, ўша «А» ресурс бу хабарни ўз манбаларидан тасдиқлай олмаган. Агар тасдиқлай олса, ўз манбасига кўра берган бўларди. Аммо шу билан бирга, ўша хабарга ҳам сал бўлса-да, ишонади. Шунинг учун «А» сайти бу хабарни беради, фақат манба сифатида «Б» сайтини «рўпара» қилади.

Баъзида хабарнинг манбаси ушбу ҳолат бўйича манфаатдор тараф бўлади. Масалан, бирор футболчининг агенти ёки бирор клуб, камерани четга олиб туриб, бирор хабарни шипшитиши мумкин. Бир футболчига фалон клублар қизиқяпти, деб. Бу маълумот ҳақиқат бўлиши ҳам, ғирт ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Нега? Шу орқали клуб ёки агентлар у ёки бу футболчига бўлган қизиқишни оширишлари мумкин. Тажрибали ўқувчи вазиятни таҳлил қилиши, олдинги хабарлар билан солиштириб, хулоса қилиши мумкин бўлади.

Ёки шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради - масалан, бир хабар сешанба куни бу мамлакатда, эртасига бошқа жойда, пайшанба куни эса, яна бир бошқа мамлакатда пайдо бўлади. Бу хабарнинг аниқлигини, яъни кундан кунга тасдиқланиб бораётганини англатмайди, шунчаки, нашрлар бир хабарни такрорлаётган бўлишади, холос. Авваллари, бу ҳолат кўпроқ кузатиларди, интернет ривожланиши натижасида камайди.

Манбалар ким? Улар қаердан пайдо бўлади?

Шуни тушуниш керакки, маълум бир трансфер доирасида биз ўйлагандан ҳам кўпроқ одамлар мавжуд бўлади. Баъзилар бутун вазиятни билишади, баъзилар фақат бир қисмини, барибир кимдир ниманидир айтгиси келади. Футболчиларнинг оиласи, дўстлари, жамоадошлари бор. Клублардаги директорлар, скаутлар, менежерлар, яна агентлар ёки «ўртакаш»лар шулар жумласидандир.

Оддий мисол, бир футболчининг рафиқаси, трансфер ҳар қанча яширин бўлмасин, бошқа шаҳарга кўчишлари ҳақида эртароқ билади. Шунга ўхшаш маълумотлар ҳам манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.