Фарғона вилояти, Риштон тумани марказидаги қайта қуриш ишлари, «буз-буз»лар оқибатида аҳоли вакилларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида сайтимизда жуда кўп мақолалар ва репортажлар эълон қилдик.

Аввалига турфа муаммолар аҳоли вакилларининг уйлари огоҳлантиришсиз, уларга ҳеч қандай шароит яратилмай бузилиб, компенсация пуллари берилмаётганида эди.

Сўнг Риштондаги қурилиш ишларига барча туманлардан, вилоятдаги барча ташкилот вакиллари «ҳашар» ниқоби билан мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ижтимоий тармоқларда кун тартиби даражасида муҳокама қилинди.

Куни кеча ўтказилган видеоселекторда Риштон масаласига шахсан давлат раҳбари эътибор қаратиб, вилоят ҳокимини танқид остига олди ва шаҳарчадаги бузиш ишлари давомида аҳолига ноқулайлик туғдиргани, уларнинг дардини эшитмагани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан узр сўрашини талаб қилди.

Видео: Youtube

 Видео: Mover (tas-ix)

Бу воқеалар асносида Риштон аҳолиси вакиллари яна бир марта Kun.uz сайтига бузилган уйлари учун компенсация пули берилмаётгани ҳақида мурожаат қилишди. Биз 3 август куни яна Риштонда бўлиб, ҳашарчилар ва аҳоли вакиллари билан учрашдик.

Афсуски, президентнинг шов-шувли видеоселекторидан кейинги кунда ҳам Риштондаги аҳвол «эски ҳаммом, эски тос» эди.