Муҳаммадазиз Содиров Фарғона вилояти Риштон туманидаги 27-мактабда ўқийди. У Москва шаҳрида ўтказилган «ALOHA ментал арифметика» халқаро мусобақасида 5–7 ёш тоифасида Тони Тотс босқичи бўйича чемпион бўлган. Чемпионнинг отаси Акмалжон Охунов оддий таксичи. Шундай бўлса-да у фарзандларининг билимли бўлиши учун тиним билмайди.
Мусобақада йиғлаганман...
“Ҳар куни тонгдан ишга отланаман. Риштон-Қўқон йўналишида таксичилик қиламан.

2018 йилда Москва шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига ўғлим Муҳаммадазизни олиб борганман. Таассуротлар ўзгача бўлган. Учинчи ўриндан бошлаб совриндорларни эълон қилишаётганда, фамилиямиз чиқмаяпти. Ҳаяжон кучли. Учинчи ўринни эълон қилди, фамилиямиз чиқмади, иккинчи ўринда ҳам йўқмиз. Ниҳоят Муҳаммадазизнинг чемпион бўлганини эълон қилишди. Буни эшитиб, тўғриси, эркак киши бўлсам ҳам, кўзимга ёш келди, чунки қилган меҳнатларим илк бор самара берганди.

Тўрт фарзандим бор: каттаси қиз, кейин уч ўғил. Болалар ҳаётда қийналмасликлари учун қўлдан келганича ҳаракат қиляпмиз. Насиҳат қиламиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз ва ҳалол меҳнат қилишларини ўргатамиз.
Меҳнат ўқишдан бошланади. Фарзандларимга китоб ўқиш ҳамда меҳнатдан қочмасликни ўргатаман. Ишда юрарканман болалар келажаги ҳақида кўп ўйлайман — улар халқимизга, ватанимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлсин.
Таксичиликдан топган пулимни фарзандларимнинг таълимига, тарбиясига сарфлайман. Шундай қилиб, асосан келажакка сармоя қиламиз. Бу меҳнатларимиз қадрли, чунки фарзандларим ҳам кун келиб бу меҳнатимизни қадрлашади.

Мисол учун кимдир топган ҳар ҳафталик даромадини харажат қилиб, бошқа нарсалар учун сарфлаётган бўлса, биз фарзандларимиз учун китоб, ручка, қалам олиб кирамиз. Шунда болалар қандайдир ютуққа эришади деб ўйлайман. Мақсадимиз маблағни кўпроқ фарзандларимизнинг билим олиши учун сарфлашдир”, дейди Муҳаммадазизнинг отаси Акмалжон Охунов


















